Skip to main content
Yangiliklar

Спорт фармакологиясига эътибор кучаймоқда

By 27.01.2021No Comments

Куни кеча МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида Ўсимлик моддалари кимёси институтида Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича спорт тиббиёти ва фармакологиясига бағишланган йиғилиш ташкил қилингани ҳақида хабар берган эдик. Бугун МОҚда бўлиб ўтган учрашувда мазкур йиғилишда белгилаб олинган режалар ижросини амалга кенг татбиқ қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов, МОҚ қошидаги РСТИАМ бош шифокори Дилшод Маҳмудов ва Марказ директорининг ўринбосарлари Миралишер Исламов ҳамда Искандар Мавлонов иштирок этишди.

Суҳбат давомида спортчиларимизнинг қайд этаётган натижаларини янада яхшилаш бўйича фармакологик воситалардан тўғри ва мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Унда Ўсимлик моддалари кимёси институтида ўтказилган йиғилишдан хулоса чиқарган ҳолда қуйидаги масалалар бўйича чуқур мулоҳазалар олиб борилди: РСТИАМ томонидан бугунги кунда терма жамоаларимиз фойдаланаётган тиббиёт воситалари бўйича таҳлилий ўрганишларни амалга ошириш, федерация шифокорлари билан ишлаш тизимини қайта таҳлил қилиб чиқиш, тиббиёт воситаларидан тўғри фойдаланиш ва бунинг учун ҳар бир федерацияларда махсус семинарлар ўтказиш. Йиғилишда юқорида санаб ўтилган йўналишлар бўйича масъул ходимларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида керакли тиббиёт воситаларини имкон қадар ўзимизда ишлаб чиқариш, спортчи, шифокор ва РСТИАМ ўртасидаги ишлаш механизмини такомиллаштириш, терма жамоалардаги фармакологик таъминотни қайта кўриб чиқиш, асосийси спортчиларимизни тақиқланган дори воситаларидан сақлаш йўналишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.