Skip to main content
Yangiliklar

«Севинч» жамоаси қизларига медаллар топширилди

By 18.01.2021No Comments

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшларни спортга фаол жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг ҳам спорт билан шуғулланиши учун имконият яратиш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони миллионлар ўйини бўлмиш футболни мамлакатимизда янада ривожлантириш йўлида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Барча ҳудудларда бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам футболга, аёллар футболига катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ аёллар футболи бўйича «Севинч» жамоаси қизлари ўн уч карра Ўзбекистон чемпионлигини ва бир марта бронза медалини қўлга киритишган.

Бугун Қашқадарё вилояти футбол ассоциациясининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими – вилоят футбол ассоциацияси президенти Зойир Мирзаев, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ходимлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Йиғилишда З.Мирзаев соҳада амалга оширилган ва режалаштирилаётган барча масалалар ҳақида маълумотлар берди. Шундан сўнг ўз тарихида тўртинчи бор кумуш медаль соҳиби бўлган «Севинч» жамоаси қизларига медаль ва эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича мураббий ва футболчилар ҳам тақдирланди.

Қуйида тақдирланганлар билан танишинг:

Қашқадарё вилояти футбол фахрийлари – Эркин Қиёмов, Абдурахмон Юмангулов;

Энг иқтидорли ёш футболчи – Ғанишер Қодиров (Вилоят футбол маҳорат мактаби);

Энг яхши аёллар жамоаси ёшлар мураббийси – Гулнора Тўраева («Севинч» жамоаси);

Энг яхши болалар футболи мураббийи – Илёс Пардаев (Вилоят ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи);

Энг яхши аёллар жамоаси мураббийи – Баҳром Норсафаров («Севинч» жамоаси);

2020 йил мавсуми энг яхши мураббийи – Валентин Поддубный (Nasaf U-18);

Энг яхши ҳакам – Артём Калинин;

Чекка ҳудудларда футбол ривожига қўшган ҳиссаси учун – Комилов Ферудун (Деҳқонобод жамоаси мураббийи ва ҳомийси);

Ҳалол ўйин учун – «Ёшлик» ФК (Қарши шаҳри);

Энг яхши маҳалла жамоаси – Ғузор тумани «Афғонбоғ» МФЙ футбол жамоаси;

Энг яхши жамоа – «Қамаши» ФК (Қамаши тумани);

Энг яхши аёллар футболчиси – Лайло Тиловова («Севинч»);

2020 йил вилоят иккинчи лигаси тўпурари – Рўзиев Аҳрор (ФК «Қамаши»);

Аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби «Севинч» жамоаси;

Энг яхши футбол шарҳловчиси – Хусан Темиров.

Тадбирда шунингдек соҳил футболи бўйича 10 нафар спорт устасига унвонлар топширилди. Соҳил футболи бўйича Қашқадарё жамоаси 2019 йилда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Мусобақа қоидаларига кўра ушбу мусобақада ғолиб бўлган жамоа аъзоларига «Спорт устаси» унвони берилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати