Skip to main content
Yangiliklar

Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти янада чуқур очиб берилди

By 20.01.2021No Comments

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис палаталари ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома Ўзбекистон аҳолисининг эртанги кунига янада катта ишонч бағишлади дейиш мумкин. Президентимиз ушбу Мурожаатномада ортда қолган йилнинг нақадар мураккаб ва масъулиятли ўтгани, унда халқимиз бир тан-у бир жон бўлиб, барча қийинчиликларни енгиб ўтганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, яқин истиқболдаги устувор вазифалар, режалар белгилаб олинди.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳиятини янада кенг очиб бериш, унда келтирилган масалалар бўйича атрофлича фикр алмашиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги ташкилот ходимлари, спорт федерациялари ва ассоциациялар мутасаддилари, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази масъул ходимлари иштирок этишди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти кафедра мудири Мусаллам Абдужаббарова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, сиёсатшунослик фанлари фалсафа доктори Мансур Мусаев иштирокида олиб борилди. Спикерлар анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан йўлланган Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, унда билдирилган фикрлар, режалар ҳақида гапириб ўтишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда 2021 йилда мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида янги ва улкан қадамларни белгилаб берган Мурожаатномада илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти, кўлами ва ижро механизмига тўхталиб ўтилди. Мавзу юзасидан тақдимот ўтказилиб, иштирокчиларга махсус тайёрланган видеороликлар намойиш этиб берилди. Тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳам сўз олиб, ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

“Авваламбор, бизнинг катта жамоамиз номидан бугунги нотиқларимизга миннатдорчилик билдириб ўтамиз. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномаларида барча соҳалар ҳақида батафсил гапириб, режаларни пухта ва аниқ кўрсатиб ўтдилар. Бу бизни фақат олдинга қадам ташлашга ундайди. 2021-йил спорт жамоатчилиги учун ҳам ниҳоятда муҳим ва масъулиятли йил. Зеро жорий йилда Токиода XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳукуматимиз Олимпиадага қадар барча молиявий масаларни ҳал қилиб берди ва бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Мақсадимиз тўрт йилликнинг энг муҳим стартида муваффақиятли иштирок этиб, биз учун дуода бўлиб турган халқимиз ва барча шароитларни мухайё қилиб берган Президентимизни ўз ғалабаларимиз билан хурсанд қилишдир. Ўз ўрнида мазкур тадбирнинг спортчиларимиз учун ҳам нақадар муҳим эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Келгусида ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаб, сизларнинг кўмагингизда спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз, спортчи ва мураббийларимиз учун ҳам шундай маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш таклифини илгари сурмоқчиман. Хусусан, юртбошимиз сўнгги йиғилишларда бу каби мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтмоқдалар”, – деди МОҚ раиси.

Тадбир давомида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раисининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов ҳам Президент Мурожаатномаси ҳақида ўзларининг самимий фикрларини билдириб, унинг спорт соҳаси вакиллари учун ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтишди.