Skip to main content
Yangiliklar

Навоий ҳокими билан вилоятда спортни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

By 21.01.2021No Comments

Хабар берганимиздек, Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари З.Таджибаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Ш.Ташматовдан иборат гуруҳ Президентимизнинг “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги “Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги 468-сон қарорлари ижро ҳолатини ўрганиш юзасидан айни пайтда Навоий вилоятида бўлиб турибди. Ишчи гуруҳ ташриф давомида Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов қабулида бўлди.

Дўстона руҳда ўтган учрашувда ушбу вилоятда спортни янада ривожлантириш бўйича қўшимча дастурлар ишлаб чиқиш, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун барча қулайликларни яратиш, Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрланаётган навоийлик спортчиларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг хонадонларидан хабар олиш ва муаммоларини ўрганиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу вилоят вакилларидан ҳозирда дзюдо, бадиий гимнастика, сузиш, оғир атлетика, енгил атлетика каби спорт турларида Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз бор. Келажакда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига мазкур спорт турлари географиясини янада кенгайтириш, спортнинг барча турларини ривожлантириш, вилоятдан етишиб чиққан таниқли атлетларимиз ёрдамида ёшларни спортга янада кенг жалб қилиш мавзуларида атрофлича фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими Кобул Бекназарович учрашув якунида унда кўрилган барча масалалар бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб, вилоятда спорт ривожини янги босқичга олиб чиқиш, Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган атлетларнинг шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб беришдан мамнун эканлигини билдирди.