Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раҳбари юнон-рум курашчилар билан учрашди

By 09.01.2021No Comments

Янги йил байрами сабаб юзага келган қисқа муддатли танаффус якунланиб, спортчилар яна ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда мусобақаларга қайтишди. Жумладан, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳам пойтахтда жам бўлди.

Режа бўйича «классикларимиз» 11-18 январь кунлари Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида ўтказиладиган «Gran Prix Zagreb Open 2021» турнирида иштирок этишади. Бу юнон-рум кураши терма жамоамизнинг бир йиллик танаффусдан сўнг қатнашадиган биринчи халқаро мусобақаси ҳисобланади. Загреб турнири якунига етиши билан Хорватия давлатининг Пореч шаҳрида халқаро ўқув-машғулот йиғини бошланади. «Gran Prix Zagreb Open 2021» мусобақасида қатнашган аксарият терма жамоалар 18-29 январь кунлари оралиғида ўтказиладиган ушбу халқаро машғулотларда иштирок этади.

Равшан Рўзиқулов мураббийлигидаги юнон-рум курашчиларимиз 11 январь куни тонг саҳарда Хорватияга жўнаб кетишади. Сафар олдидан Миллий олимпия қўмитасида терма жамоамиз аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, раис ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, профессор Абдушукур Садиков, терма жамоа мураббийлари ҳамда курашчилар иштирок этишди.

«Рио Олимпиадасида 4 нафар юнон-рум курашчимиз иштирок этган бўлиб, якунда битта бронза медали қўлга киритилган. Бу сафарги натижа аввалгисидан яхши бўлиши шарт. Чунки давлатимиз томонидан олимпиячиларимизнинг тайёргарлиги учун жуда катта эътибор қаратилмоқда. Сармоя ҳам олдинги Олимпиада билан таққослаганда анча баробар кўп. Шунга яраша натижа бўйича талаб ҳам жиддий бўлади. Пандемия сабаб юзага келган вазият, мусобақаларнинг деярли ўтказилмагани, руҳий тушкун ҳолат ҳеч қанақасига баҳона бўла олмайди. Боиси, бутун дунё бир хил шароитда бўлди. Бошқалардан кам жойимиз йўқ. Қандай муаммо бўлса, ҳозир айтиб қолинглар. Олимпиадагача олти ойдан кам вақт қолди. Икки юз кун бир зумда ўтиб кетади», – деди МОҚ раиси.

Таъкидлаш жоиз, Хорватиядаги мусобақада биринчи рақамли юнон-рум курашчиларимиз гиламга чиқади. Турнир якунланганидан сўнг иштирокчи давлат курашчилари ўртасида халқаро ўқув-машғулот йиғини ҳам ўтказилади.

Ўз ўрнида терма жамоанинг ҳар бир аъзоси максимал натижа кўрсатиш учун бор имкониятларини ишга солишга ваъда беришди.