Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-6099 фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўз ходимлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказишни йўлга қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳафтанинг ҳар шанба кунлари ташкил қилинаётган мазкур беллашувлар қизиқарли спорт мусобақалари билан ташкил қилинмоқда.
Бугун 14 январь – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган кун ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан МОҚ ходимлари ўртасида тош кўтариш (16 кг) бўйича мусобақа ўтказилди. Регламентга кўра, турнир қуйидаги 4 вазн тоифасида бўлиб ўтди: -75 кг, -85 кг, -90 кг ва +90 кг.
Қизиқарли кечган беллашувлар якунида Камолиддин Эргашев, Миржалол Сайдуллаев ва Маҳмуджон Тоштемиров ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритишди. Бунгача ходимлар ўртасида стол тенниси, бадминтон, дартс каби спорт турлари бўйича беллашувлар ўтказилган эди. Қолаверса, душанбадан жумагача ҳар куни соат 12:00 да ходимлар иштирокида ишлаб чиқариш гимнастикаси йўлга қўйилган.