Хабар берганимиздек, шу кунларда спорт федерация ва ассоциацияларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис палаталари ва юртдошларимизга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини янада кенг очиб бериш бўйича давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда. Бугун ана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ташкил қилинди. Унда МОҚ раиси девони раҳбари Мираъзам Мираҳмедов, раис маслаҳатчиси Алишер Каримов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, федерация мутасаддилари, терма жамоа мураббийлари ва спортчилар иштирок этишди.
МОҚ мутасаддилари учрашувда Мурожаатномада келтириб ўтилган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурини амалга ошириш, жумладан, ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган азму шижоатли, ташаббускор ёшларни тарбиялаш, иқтисодиёт, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат, Давлат бошқаруви органлари иш фаолияти самарадорлиги ва натижаларини ошириш каби соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини янада чуқур тушунтириб ўтишди.
Шунингдек, суҳбатда ёшларга, хусусан, уларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, Республикамизда замонавий спорт объектларининг барпо этилаётгани ва бошқа улкан бунёдкорлик ишлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.