Skip to main content
Yangiliklar

Қиличбозларимизга Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти етказилди

By 29.01.2021No Comments

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси фуқароларимизни том маънода янада жўшқинлантирди, дейиш мумкин. Унда Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш борасида кўплаб истиқболли дастурлар, чора-тадбир ва режалар аниқ таъкидлаб ўтилди. Ушбу Мурожаатноманинг мазмун моҳиятини янада кенг ва чуқурроқ очиб бериш учун федерация ва ассоциацияларда маърузалар ва давра суҳбатлари ташкил қилиш йўлга қўйилди. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон қиличбозлик федерациясида спортчи ва мураббийлар билан учрашиб, ушбу мавзу юзасидан суҳбат ўтказди.

Эътибор беринг, йўлларимизда барча жамоат транспортлари ҳаракат қилмоқда. Оила-аъзоларимиз ўз иш-ўқишларига бориб келишмоқда. Коронавирус сабаб дунёнинг қанчадан қанча мамлакатлари иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолишди. Лекин бизнинг давлатимиз муҳтарам Президентимизнинг аниқ режалари асосида ривожланишда давом этмоқда. Бу гапларни айтиш осон, аммо бунинг ортидан катта машаққат ётибди. Юртбошимиз бошқарувида 4 йил ичида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. “Ҳумо арена” муз саройи, “Амирсой” тоғ-чанғи комплексининг бунёд этилиши спорт соҳасидаги улкан ўзгаришларнинг яққол исботидир. Келажакда Ҳукуматимиз кўрсатмалари бўйича ёшларимиз учун барча шароитларни яратиб беришда давом этамиз. 2021-йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши ҳам давлатимиз раҳбарининг сиз ёшларга бўлган ишонч ва эътиборларидан далолатдир», – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

 

Учрашувда МОҚ раиси Мурожаатномада Президентимизнинг қатор соҳалардаги асосий нутқларидан иқтибослар келтириб, йиғилганларга уларнинг мазмун-моҳиятини етказиб берди. Айниқса, ёшларимизга қаратилаётган эътибор, уларнинг ўзлари танлаган йўналишларда фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, хусусан, соғлом турмуш тарзини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Шунингдек, ташриф давомида МОҚ раиси спортчиларнинг машғулотини кузатиб, мураббийлар билан келгусидаги режалар ҳақида суҳбатлашди.