Skip to main content
Yangiliklar

Ҳарбий ва ҳаваскор спортчилар “Мен ғолиб” мусобақасида беллашишди

By 11.01.2021No Comments

Яна саноқли кунлардан сўнг жонажон юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги посбонлари бўлмиш Ватан ҳимоячилари куни республикамиз бўйлаб кенг нишонланади.

Ушбу сана муносабати билан жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, оммавий спорт мусобақалари ўтказилиши одатий тусга кирган. Жумладан, бугун пойтахтимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Мен ғолиб» шиори остида ҳаваскорлар ўртасида оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон ҳамда енгил атлетика федерациялари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тизимига кирувчи тузилмалар ҳамда оддий аҳоли вакилларидан иборат ҳаваскорлар жамоалари иштирок этишди. Югуриш мусобақасининг умумий узунлиги 10 км масофани ташкил этиб, унда Қуролли кучлар таркибига кирувчи қарийб 300 нафар тузилмалар ходимлари ҳамда ҳаваскорлар ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Оммавий югуриш мусобақасининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмоновлар қатнашди ва яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли кучлар тизимида фаолият олиб бораётган барча ходимларни муборакбод этди.

“Мен ғолиб” шиори остидаги оммавий югуриш мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси, шунингдек турли соҳа вакиллари жамланган ҳаваскорлар жамоаси иштирок этди. Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари:

Эркаклар:
1. Илҳом Назаров (Мудофаа вазирлиги)
2. Тимур Орлов (ДХХ)
3. Шахбоз Сувонқулов (ИВВ)

Аёллар:
1. Диёра Ўрозқулова (ИВВ)
2. Моҳинур Ғозиева (ИВВ)
3. Ирода Асилова (Миллий гвардия)

Умумжамоа:
1. Мудофаа вазирлиги
2. Миллий гвардия
3. ДХХ

Оммавий югуриш мусобақаси ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси В.Маҳмудов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Ирматов, вазир ўринбосари А.Каримов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби О.Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси президенти А.Абдувалиев томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.