Skip to main content
Yangiliklar

ЎзДЖТСУ журналистлар нигоҳида ёхуд университетга уюштирилган пресс-тур таассуротлари

By 24.12.2020No Comments

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мамлакатимизда спорт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган ягона таянч олий даргоҳ ҳисобланади. Университет 1955 йил 13 августда ташкил этилган ва жорий йилда ўзининг 65 йиллик юбилейини нишонламоқда.

Ҳозирги кунда университетда 5та факультет, 22та таълим йўналиши (триатлон, биатлон, хоккей, маркетинг (спорт), спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқариш, регби, стол тенниси, каратэ WKF, шахмат, тоғ чанғиси ва бошқалар) мавжуд бўлиб, охирги йилларда Адаптив жисмоний тарбия ва спорт, Спорт тадбирларини ташкил этиш ва Қишки спорт турлари кафедралари ташкил этилди.

Қолаверса, махсус сиртқи таълим шакли йўлга қўйилган. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича Беларус давлат жисмоний тарбия университети, Петровский номидаги фан ва санъат академияси билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Талабалар ўсиш динамикаси 2017 йилда бакалаврда 3324 нафарни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 9835 нафарга етди.

Университетда талабаларга бор билим ва салоҳиятини намойиш қилиб келаётган фидоий устоз ва мураббийлар 466 нафарни ташкил этади. Шундан, 18 нафари фан доктори, 70 нафари эса доцент ҳисобланади. Қолаверса, 8 нафар ўқитувчи-профессорлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Шунингдек, университет талабаларидан 20 нафарга яқини келгуси йил ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмаларни қўлга киритгани ҳам университет салоҳияти қай даражада юқори эканлигини кўрсатиб беради.

Университет ўзининг ёзги ва қишки сузиш ҳавзасига, футбол майдонига эга бўлиб, ҳозирда муз саройини барпо этиш йўлида ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча университет талабалари, яъни бўлажак Олимпиада чемпионларини тайёрлаб берадиган ушбу олий таълим муассасасида спортчилар учун яратилган шароитлар, университет моддий-техник базасини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур уюштирилди.

20 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси ходимлари ва ёш журналист талабалар иштирок этган пресс-турда меҳмонлар дастлаб, университетда янгидан қуриб фойдаланишга топширилаётган Маданият саройи ҳамда Талабалар турар жойи билан танишди.

Университет Маданият саройи билан танишар эканмиз, бу ерда ўз ичига кутубхона, 500 ўринга мўлжалланган мажлислар зали, университет музейи ҳамда кураш зали қад ростлаётганига гувоҳ бўлдик.

1700 нафар талабани ўз бағрига сиғдира оладиган 4та 5 қаватли талабалар ётоқхонаси 2023 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади. Ҳозирда эса 400 нафарга яқин талабалар яшаши учун тайёр хоналар мавжуд. Ётоқхона шароитига тўхталадиган бўлсак, энг сўнгги дизайндаги жиҳозлар, шинам ошхона, ҳар қават учун алоҳида ювиниш хоналари, шунингдек, имконияти чекланган талабалар учун ҳам шароитлар яратилган.

Дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан рақобатлаша оладиган таълим даргоҳи Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига хорижлик талабаларни жалб қилиш йўлида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Пресс-тур якунида университет ректори иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Болтабоев билан журналистлар ўртасида очиқ мулоқот тарзида матбуот анжумани ташкил этилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан университет раҳбариятига юзланишди. Қолаверса, матбуот анжуманида энг яхши савол муаллифига ректорнинг махсус совғаси тақдим этилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати