Skip to main content
Yangiliklar

Умрини спорт соҳасига бағишлаган бир гуруҳ нуроний отахонларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди

By 30.12.2020No Comments

Куни кеча Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши томонидан Янги йил байрами арафасида бир гуруҳ ўзбек спорти фахрийлари тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг маълум сабабларга кўра ушбу тадбирда иштирок эта олмаган нуроний отахонлар: бокс бўйича “Монреаль-1976” Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони, “Дўстлик” ордени соҳиби Руфат Рисқиев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Турон” фанлар академияси академиги Ахбор Имомхўжаев ҳамда узоқ йиллар давомида спорт ташкилотлари, жумладан Республика олий спорт маҳорати мактабида масъул лавозимларда фаолият кўрсатган Раҳмонберди Аҳмедов каби фахрийларнинг уйларига бориб, улардан хабар олинди.

Ташриф давомида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, МОҚ мутасаддилари фахрийларимизни кириб келаётган Янги йил билан қутлаб, уларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ҳамда пул мукофотларини топширишди.

Фахрийларимиз, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан мамнун эканликларини изҳор қилиб, бу ўз навбатида уларга янада куч-ғайрат бағишлашини таъкидлашди ва жонажон халқимиз ва Президентимизнинг саломатлиги учун дуо қилиб қолишди.