Skip to main content
Yangiliklar

Тошкент марафонида икки нафар спортчимиз Токио Олимпиадаси нормативини бажарди

By 07.12.2020No Comments

Бугун пойтахтимизда узоқ кутилган II Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтди. Ушбу мусобақа ва унинг трассаси Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан махсус сертификатга эга бўлиб, унда Токио-2020 Олимпия ўйинлари нормативини бажарган спортчилар Олимпиада лицензияларига эга бўлиши билан янада аҳамиятли эди. Қолаверса, марафонда қўшни Республика вакилларининг ҳам иштирок этаётгани унга бўлган қизиқишнинг катта эканидан далолат бериб турибди.

Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ўтказилган қизиқарли беллашувларда терма жамоамизнинг энг кучли марафончилари Токио Олимпиадаси нормативини бажариш ҳамда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиш мақсадида стартга чиқишди. Қувонарлиси, қизиқарли ва муросасиз кечган пойгада бир йўла 2 нафар вакилимиз Токио-2020 Олимпиадаси нормативини бажаришга муваффақ бўлди. Аёллар ўртасида Екатерина Тунгоскова, йигитларимиздан Андрей Петров бугунги куннинг чинакам қаҳрамонларига айланишди. 42 км, 195 метр масофани босиб ўтиш учун Андрей Петров 2:10.06 дақиқа вақт сарфлаган бўлса, Екатерина Тунгоскова 2:28.55вақт қайд этди. Шунингдек, мусобақа доирасида яриммарафон бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Пойга натижалари:

Марафон. Эркаклар:
1. Андрей Петров (Ўзбекистон) – 2:10.06
2. Илья Тяпкин (Қирғизистон) – 2:16.07
3. Владислав Мамедов (Ўзбекистон) – 2:17.35

Аёллар:
1. Мария Коробицкая (Қирғизистон) – 2:26.43
2. Екатерина Тунгускова (Ўзбекистон) – 2:28.55
3. Марина Хмелевская (Ўзбекистон) – 2:30.39

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида қатнашган расмийлар ғолиб ва совриндорларни, шунингдек, ушбу мусобақа орқали Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган атлетларни табриклаб қолишди. Мусобақа стартида 21 км масофада ярим марафонда югуришга ваъда берган Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов Ғалабага бўлган иродаси учун номинацияси ғолиблиги билан тақдирланди.

Маълумот учун, Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан марафон йўналишида Токио-2020 Олимпиада нормативи эркаклар учун 2:11:30 дақиқани, аёллар учун эса 2:29:30 дақиқани ташкил этар эди.