Skip to main content
Yangiliklar

Шавкат Мирзиёев: “Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш дунёдаги энг улуғ бахтдир”

By 26.12.2020No Comments

Айни пайтда Республикамиз бўйлаб “Ёшлар форуми” ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади.

Президентимиз ушбу тадбир давомида мамлакатимиз ёшларининг Янги Ўзбекистон тараққиёти учун нақадар катта роль ўйнашини таъкидлаб ўтди. Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси экани юртбошимизнинг ушбу тадбирдаги нутқида ўз аксини топди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Яқинда мамлакатимизнинг спорт ҳаётида қувончли янгилик бўлди. Осиё Олимпия Кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилиши белгиланди. Бу мусобақада Осиё қитъасидаги 45 та давлат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича ўзаро беллашади.

– Бундай нуфузли халқаро спорт ўйинларининг Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилиши барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди, албатта. Шу билан бирга, у бизга ғоят катта масъулият ҳам юклайди. Мана, сизлар каби навқирон ва азамат ёшларнинг ўз куч ва маҳоратини кўрсатиб, Ватанимиз байроғини юксакка кўтаришлари учун яна бир зўр имконият, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу спорт байрамини юксак савияда ўтказиш, Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика чемпионатлари, “Ҳоким кубоги” мусобақаларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

– Юртимизда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий етук бўлиб улғайиши, жумладан, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” электрон платформаси ишлаб чиқилмоқда. Пиёда ва велосипедда юришга мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари” барпо этилмоқда, – деди давлат раҳбари.

Кейинги йилларда маҳаллаларда ташкил этилган спорт майдончалари ёшларнинг севимли масканига айланди. Бу ишлар давом этиши айтиб ўтилди. Айни пайтда, мактаб спорт залларидан дарсдан ташқари вақтларда ҳам унумли фойдаланиш чоралари кўрилади.

Давлат раҳбарининг тўлиқ нутқи билан president.uz сайтида танишиб олишингиз мумкин.

Манба: president.uz