Skip to main content
Yangiliklar

Пойтахтимизда чим устида хоккей бўйича янги замонавий майдонга тамал тоши қўйилди

By 30.12.2020No Comments

Мамлакатимизда сўнгги йилларда нафақат яккакураш, балки жамоамий спорт турларини ҳам ривожлантириш борасида алоҳида дастурлар амалга кенг татбиқ этилмоқда. Бир вақтлар мамлакатимизда чим устида хоккей бўйича Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг асосини ташкил қилувчи ўйинчилар бўлган. Бироқ бугунга келиб, ушбу спорт туридаги мактабимиз ҳам, кучли ўйинчиларимиз ҳам йўқолди, дейиш мумкин.

Муҳтарам Президентимизнинг кеча Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатларида таъкидлаб ўтилган топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, чим устида хоккей спортининг аввалги нуфузини тиклаш борасида катта қадам қўйилди. Бугун Авиасозлар мавзесида жойлашган ва ҳозирда қаровсиз спорт объектига айланган стадионлардан бирида замонавий талабларга жавоб берадиган чим устида хоккей аренасига тамал тоши қўйилди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов, айни пайтда пойтахтимизда бўлиб турган Осиё хоккей федерациясининг Ижрочи директори Икрам Тайяб ҳамда федерация мутахассиси Али Зоҳид, Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов ва спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида қўл урилаётган эзгу ишлар хайрли бўлиши мақсадида қўй сўйилиб, Қуръони каримдан оятлар тиловат қилинди. Учрашувда хорижлик мутахассислар бўлажак стадионни қуришда нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги борасида ўз маслаҳатларини бериб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, бунгача мамлакатимизда фақатгина Андижон шаҳрида замонавий талабларга жавоб бера оладиган биргина чим устида хоккей майдони мавжуд эди. Бугун тамал тоши қўйилган ўйингоҳ билан ушбу спорт турида жамоаларимизни йирик комплекс мусобақаларга тайёрлаш, уларнинг шуғулланишлари учун марказдан замонавий шароитлар яратиб берилади. Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш мумкинки, Осиё хоккей федерацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган бу ишлар бошланиши. 2025 йилга қадар пойтахтимизда янада бир нечта шундай майдонлар қуриш режалаштирилган.