Паралимпиячилар орасида илгари спорт билан жиддий шуғулланган, аммо кейинчалик ногирон бўлиб қолган одамлар ҳам бор. Улардан бири профессионал дзюдочи Олег Крецул ҳисобланади. У Атланта (АҚШ, 1996 йил) Олимпия ўйинларга тайёргарлик кўраётган вақтида автоҳалокатга учраб, кўзлари кўрмай қолади. Орадан икки йил ўтиб, татамига қайтади ва дзюдо бўйича кўзи ожиз спортчилар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этади. У жаҳон ва Европа чемпиони ҳамда Афинада бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида совринли ўринларга сазовор бўлди. Олег Крецул Пекинда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида (2008 йил) дзюдо бўйича Россия Паралимпия тарихида илк бор олтин медални қўлга киритди.
1904 йили Сент-Луис (АҚШ) да бўлиб ўтган III Олимпия ўйинларида америкалик енгил атлетикачи Фред Лорц марафон пойгасида иштирок этиб, қоидаларни қўпол равишда бузади ва дисквалификация қилинади.
Фред Лорц тахминан 14.5 км йўл босгач, нафас олиши қийинлашиб, югуролмай қолади ва менежерининг машинасида кейинги 17.7 км масофани босиб ўтади ва маррага 2 км қолганда машинадан тушиб қолган масофани югуриб марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтади. Унинг ушбу фирибгарлиги олтин медални олгандан кейин фош бўлади ва кейинчалик медал қайтарилиб, америкалик спортчи Томас Хиксга насиб этади.
Берлинда 1936 йили Олимпиада очилиши пайтида кулгили вазият содир бўлади. Ўша пайтда бир гуруҳ австрияликлар машъалани қабул қилиш ва бериш анъанаси бўйича ҳазил уюштиришади. Австрияликлардан бири спортчи кўринишида кийиниб, оддий стулнинг оёғига керосин билан намланган латтани боғлайди ва машъала ясайди. Австриялик машъала билан нафақат полиция қўриқчилиги остида шаҳар бўйлаб югуришга, балки ушбу сохта машъалани шаҳар ҳокими қўлига беришга, шаҳар ҳокими эса қўлидаги сохта машъала билан расмий нутқ сўзлашига тўғри келади.
МОҚ Ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси Ш.Назаров