Skip to main content
Yangiliklar

Футболчилар Косон тумани ҳокими кубоги учун майдонга тушишди

By 07.12.2020No Comments

Уч кун давомида Қашқадарё вилояти ёшлари мусобақалар нафаси билан яшашди. Ҳар бир туманда спортнинг маълум бир тури бўйича маҳалла ёшлари ўртасида турнирлар ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб қилишда улкан қадам бўлди. Мусобақаларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари кузатиб боришди ҳамда ғолибларни эсдалик совғалари билан тақдирлашди.

Косон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида футбол бўйича маҳаллаларнинг 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ҳаваскор ёшлари ўртасида “Ҳоким кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Қизғин баҳсларга бой ўтган мусобақа финалида “Наврўз” ва “Муғжагул” жамоалари ўзаро рўбарў келишди. Яққол устунлик билан ғалаба қозонган “Муғжагул” жамоасига туман ҳокими кубоги топширилди.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар ва Миллий Олимпия қўмитаси томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирландилар.