Skip to main content
Yangiliklar

Баҳодир Махситов Ўзбекистон спорт фахрийлари Кенгашига раис этиб сайланди

By 01.12.2020No Comments

Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ўзбекистон спорт фахрийлари Кенгашининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция кун тартибидан Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг собиқ раиси Комилжон Худойбергановнинг вафоти муносабати билан Кенгашга янги раис сайлаш масаласи ўрин олди. Таъкидлаш жоиз, йиғилиш аввалида Комилжон аканинг хотираси ёдга олинди, унга атаб тайёрланган видеоролик тадбир иштирокчиларига намойиш этиб берилди.

Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Республика спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, спорт фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон спорт фахрийлари Кенгаши раислигига номзоди илгари сурилган ва спорт соҳасида улкан тажрибага эга бўлган мутахассис Баҳодир Махситович Махситов номзоди бир овоздан маъқулланди.

Маълумки, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши доимо юртимизда фахрий спортчиларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олишда фаол хизмат қилган. Баҳодир Махситович спорт жамоатчилиги учун бегона бўлмаган инсондир. У киши ўз вақтида Давлат Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасини муваффақиятли бошқарган. Бу даврда ўзбек спорти маълум ютуқларга эришган.

Конференцияда Эркин Каримов, Баҳодир Тожиев, Игорь Барабан, Эркин Ғиёсов каби таниқли спорт фахрийлари сўз олиб, юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эҳтиром, Кенгашнинг ўзбек спорти тараққиётида тутган ўрни ҳақида гапириб, янги сайланган раҳбарга омад ва зафарлар тилашди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Баҳодир Махситовни янги лавозим билан қутлайди ва унинг фаолияти давомида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

 

olympic.uz