Skip to main content
Yangiliklar

Қашқадарёлик ёш футболчилар Ҳамид Олимжон ва Зулфия уй музейида бўлишди

By 03.12.2020No Comments

Хабарингиз бор, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча футбол маҳорат мактабларининг 2003-2007 йилларда туғилган тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур мусобақага Қорақалпоғистон Республикаси (2004 йилда туғилганлар), Фарғона (2003 йиллар), Навоий (2005 йиллар), Жиззах (2006 йиллар) ва Самарқанд (2007 йиллар) вилоятлари мезбонлик қилишди.

Қашқадарё вилояти футбол маҳорат мактаби ўқувчилари ҳам мусобақада фаол иштирок этишди. Жумладан, Жиззахда ўтказилган 2006 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги баҳсларда воҳа жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.

Бироқ, муҳими бу эмас. Жойларда ташкил этилаётган бу каби мусобақалар ёш авлоднинг юртимиз билан яқиндан танишишига хизмат қилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Қашқадарё вилояти футбол маҳорат мактаби жамоаси мусобақалардан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Жиззах шаҳрида барпо этилган атоқли шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда уй музейида бўлишди.

– Ўзбек халқининг атоқли фарзандлари – шоир, драматург, публицист ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ҳамда унинг рафиқаси – севимли шоирамиз, садоқат тимсоли Зулфияхоним ижоди билан ўқувчиларимизни яқиндан таништириш имконияти туғилганидан хурсандмиз, – дейди Қашқадарё вилояти футбол маҳорат мактабининг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Шавкат Рўзиев. – Бу ерга келишимиздан кўзланган мақсад, ёшларимизнинг ушбу севимли шоирларимиз ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш ҳамда шу орқали ўқувчиларимизнинг маънавий онгини юксалтириш, уларнинг адабиётга, китобхонликка бўлган меҳрини кучайтиришдан иборат

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати