Ўтган ҳафта якунида бокс оламида улкан ўзгаришлар рўй берди. Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) ўзининг онлайн конференцияси орқали ташкилотга янги раҳбар сайлагани ва унда Россия бокс федерацияси Бош котиби Умар Кремлёв ғалаба қозонганидан хабарингиз бор. Россиялик мутахассис тез фурсатда янги реформаларни бошлаб юборди. Унга кўра, AIBA яқин кунлари ичида ўзининг янги конституциясини қабул қилади. Шунингдек, Умар Кремлёв бошқа режалар ҳақида ҳам гапириб ўтди.
“Бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз AIBA қарзларини қайтариш бўлади. Президентликка номзодимни қўйиш тўғрисида эълон қилган пайтда ваъда берганимдек, қарзларимизни дастлабки олти ой ичида узамиз. Менинг фаолиятим икки йил ичида 50 миллион АҚШ доллар миқдордаги маблағни жалб этишга йўналтирилган бўлади. Бу маблағ AIBAни тиклаш ва ривожлантиришга сарфланади”, – деди Умар Кремлёв.
Эслатиб ўтамиз, Умар Кремлёв АИБА раҳбарлигига ўтказилган сайловда 57,33 фоиз овоз билан ғолиб бўлган эди. Сайловда иккинчи ўринни Борис ван дер Ворст (30%), учинчи ўринни – Муҳаммад Мустасан (12,67%) эгаллашди.