Хабар берганимиздек, айни пайтда Маскат шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг 39-Бош Ассамблеяси ўз ишини олиб бормоқда. Ассамблея кун тартибидаги асосий масалалардан бири 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларига мезбон сайлаш бўлиб, бироз аввал 10 йилдан сўнг ўтадиган ушбу мусобақани қабул қиладиган давлат номи аниқ бўлди.
Овоз бериш якунига кўра, Қатарнинг Доха шаҳри 2030 йили XXI ёзги Осиё ўйинларини ўзида қабул қиладиган бўлди. Ушбу шаҳар рақобатда Саудия Арабистоннинг Ар-Риёд шаҳридан устун келди. Эслатиб ўтамиз, Қатар ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш борасида катта тажрибага эга. Ушбу мамлакат 2006 йили XV ёзги Осиё ўйинларини ўзида қабул қилган.
Таъкидлаш жоиз, Доханинг мезбонликка сайланишида Қатар томонининг тайёрлаган тақдимоти кўпчиликда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтиш мумкин. Қатар ушбу мусобақани ўзида қабул қилар экан, беллашувларни ўтказишда йирик спорт комплексларидан кластер усулида фойдаланишни режа қилган. Мусобақалар 15 кун ичида 39 иншоотда, 59 спорт тури бўйича ўтиши кутилмоқда. Спортчи ва делегатларга қулайлик яратиш мақсадида транспорт тизимидаги лойиҳа эътиборга лойиқ. Унга кўра, атлетлар шаҳарчасидан энг олис спорт мажмуасига узоғи 20 дақиқа ичида етиб бориш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, Шайх Аҳмад Ал Сабаҳ тадбир давомида ушбу овоз бериш жараёнида имкониятни бой берган шаҳар 2034 йилги ёзги Осиё ўйинларини қабул қилишини айтиб ўтди. Демак, 2030 йил Доха, 2034 йил эса Ар-Риёд шаҳарлари ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилишади.