29 ноябрь куни “Универсал” спорт мажмуасида таэквондонинг WT йўналиши бўйича ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кёруги, пумсе ва пара-кёруги бўйича ўтказилаётган мазкур мусобақада Республикамизнинг барча ҳудудларидан 700 нафар иштирокчи баҳс олиб борди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ёш таэквондо усталари ўз чиқишлари билан йиғилган мухлислар олқишига сазовор бўлишди.
Маросимни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев очиб берди. Шунингдек, унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, ҳар икки ташкилотнинг раҳбарияти, ўзбек спортининг кўзга кўринган мутасаддилари иштирок этишди.
“Муҳтарам юртбошимизнинг спортга ва сизларга меҳрлари ўзгача. Шуни унутмангки, Сизларнинг ортингизда суянч бўладиган Президентимиз бор. Бугун бўлиб ўтаётган таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳам ўзгача чиройли ва юқори савияда ташкил қилинди. Барчангизни мана шундай спорт байрами билан қутлашга ижозат бергайсиз. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда бошқа ташкилотлар Сизлар учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр”, – деди Беҳзод Мусаев.