Skip to main content
Yangiliklar

Стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди

By 29.11.2020No Comments

Пойтахтимизда стол тенниси бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди. Мусобақада юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 160 нафар спортчи иштирок этмоқда. Яна бир аҳамиятли жиҳати мазкур чемпионат доирасида илк бор пара-стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказиляпти. Мазкур мусобақада қатнашиш учун 20 нафар спортчи қизиқиш билдирган.

Бугун ҳар икки турнир учун тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов бошчилигидаги ҳар икки ташкилотнинг мутасаддилари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ва Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раҳбарияти, спорт жамоатчилигининг бошқа таниқли вакиллари иштирок этишди. Маросимда сўзга чиққанлар ҳукуматимизнинг, хусусан, муҳтарам Президентимизнинг спортга қаратаётган эътиборлари ҳақида тўхталиб, иштирокчиларга омад тилаб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда Паралимпия спорт турларига ҳам эътибор ортиб бормоқда. Аввал Паралимпия ўйинларида 3-4 йўналишда ҳамюртларимиз қатнашишган бўлса, келажакда бу рақамларни 8-9 тага кўтариш режаси бор. Жумладан, пара-стол теннисда ҳам. Ушбу мусобақада баҳс олиб бораётган спортчиларимиз 2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига терма жамоа таркибини саралаб олиш учун қўйилган дастлабки йирик қадамдир.

Пара-стол теннисчилар мусобақа доирасидаги кўргазмали ўйинларда ўз маҳорати билан спорт жамоатчилигининг олқишларига сазовор бўлишди. Шунингдек, МОҚ раҳбари ҳам пара-спортчиларимиз билан дўстона ўйин ўтказди.


Ўзбекистон чемпионати 4 декабрга қадар давом этади.