Skip to main content
Yangiliklar

Пиёда юрган инсондан хасталиклар йироқ бўлади

By 25.11.2020No Comments

Сир эмаски, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда касалликлар билан курашиш эмас, балки аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини юксалтириш ҳамда тизимли профилактикага жиддий аҳамият берилмоқда.

Жиззах шаҳрида ташкил этилган навбатдаги соғломлаштириш тадбири ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. 1 декабрь – Халқаро ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган ушбу тадбирни ўтказишда вилоят соғлиқни сақлаш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Миллий гвардия, Ички ишлар бошқармаси ҳамда қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлик қилишди.

Шу куни ташкил этилган «Саломатлик учун 5 000 қадам» акциясини ўтказишдан кўзланган бош мақсад – аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдан иборат эди. Айтиш керакки, ташкилотчилар мақсадига эришди.

Тадбирда сўзга чиққанлар асосан соғлом турмуш тарзини шакллантириш, одамларни кўпроқ дори эмас, балки тўғри овқатланишга, спортга ўргатиш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, ҳар ким аввало ўзининг саломатлиги учун ҳеч бўлмаганда кунига 5 минг қадам пиёда юриши борасида ҳам зарур тавсиялар берилди.

Дарвоқе, пиёда юриш турли касалликларнинг келиб чиқишини олдини олибгина қолмасдан инсон умрининг узайишига ҳам хизмат қилади. Шундай экан, ҳар биримиз кунига камида 10 минг қадам юришга одатланмоғимиз керак. Ўшанда турли дард ва хасталиклар биздан йироқ бўлади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати