Skip to main content
Yangiliklar

«Олимпия спортида замонавий илм-фан» мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн анжуман ўтказилди

By 06.11.2020No Comments

Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Ўзбекистон олимпия академияси билан ҳамкорликда «Олимпия спортида замонавий илм-фан» мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн анжуман ташкил этилди.

Тадбирда республикамизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги етакчи ўзбек олимлари билан бир қаторда Греция, АҚШ, Исроил, Эрон, Россия, Украина, Қирғизистон ва қозоғистонлик нуфузли халқаро экспертлари бир майдонда онлайн режимда иштирок этди.

Хусусан, анжуман қатнашчиларидан Россиянинг спорт тиббиёти федерацияси жисмоний тарбия ва спорт тарғиботи уюшмаси президенти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Алексей Лапин, Эроннинг Гилян университети профессори Баҳман Мирзойи, Украина жисмоний тарбия ва спорт миллий университети профессори, жисмоний тарбия соҳасининг етук олими, профессор Георгий Коробейников, Демокрит номидаги Фракий университети (Греция) профессори Иоаннис Барбас, Кураш спорт турлари бўйича халқаро тоифадаги ҳакам (Исроил) Барахай Юхананов, Кураш соҳасида халқаро тадқиқотчилар ташкилоти, Бирлашган кураш илмий ташкилоти комиссияси аъзоси, профессор (АҚШ) Девид Кёрби шулар жумласидан.

Шунингдек, халқаро илмий-амалий онлайн анжуманда республикамизнинг турли вилоятлари ва туманларидан ҳамда хорижлик юзга яқин жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутахассислари, магистр, илмий изланувчи ва докторантлар ҳам иштирок этди.

Анжуманда олимпия спортида юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, спорт захирасини кўп йиллик тайёргарлигининг замонавий тизими, тузилиши, таркиби ва услублари, спортчиларни жисмоний тайёрлаш жараёнида тиббий-биологик ва допингга қарши таъминот ва бошқа мавзуларда илмий маърузалар тингланди ва берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар берилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати