Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раҳбарияти ва Тезкор штаби аъзолари Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташриф буюришди

By 19.11.2020No Comments

Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Тезкор штаби олимпия спорт турларини ўрганиш режасига мувофиқ Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташриф буюрди. Унда МОҚ раиси Р. Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси А.Камилов, МОҚ раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи, Тезкор штаб раҳбари Ш.Ташматов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Садиков, яккама якка кураш турлари бўйича РОСММ раҳбарияти иштирок этди.

Ўрганишлар чоғида Токио-2020 ва Париж-2024 ўйинларига тайёргарликнинг бориши масаласи муҳокама қилинди. Дзюдочиларимиз Олимпия ўйинларида мунтазам равишда совриндорлар сафидан жой эгаллаб келишгани ҳам улардан натижа кутишга ҳақли эканимизни англатади.

Пандемия шароити бўлишига қарамасдан, мамлакат дзюдочиларига нуфузли мусобақалар олдидан ўқув-машғулот йиғинларини тўлақонли ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Хабарингиз бор, пойтахтимиздаги Дзюдо марказида Грузия, Миср, Қирғизистон терма жамоаларининг етакчи спортчилари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтаётган эди. Айни пайтда қирғизистонлик дзюдочилар йиғинни якунлаб, ўз юртига қайтиб кетишган. Грузия ва мисрлик полвонлар эса ҳамюртларимиз билан машғулотларни давом эттиришмоқда.

МОҚ раҳбари терма жамоа мураббийлари ва спортчилар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммолар, рейтинг зонасидаги позицияси, асосий рақиблари, техник ва тактик жиҳатдаги камчиликлар, саломатлиги борасидаги масалалар билан қизиқди. Ўзаро савол-жавоблар полвонларимизнинг олдиндаги мусобақаларга шай экани, йўлланмалар учун курашга тайёрлигини кўрсатди.

Учрашув якунида Тезкор штаб аъзолари спортчиларимизнинг келгуси фаолиятига омад тилашди.