“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда давлат идораларидаги Топ-40 истиқболли раҳбарлар рўйхатини шакллантирди. Унга 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган ўзбекистонлик ёш кадрлар киритилган. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов қаторасига иккинчи марта ушбу рейтингдан жой олди.
“Стратегик фикрлаш, юқори малака, ташаббускорлик, ўзгаришларга очиқлик ва кенг дунёқараш. Муваффақиятли бошқарувчиларни ушбу сифатлар билан таърифлаш мумкин”, дейилади “Юксалиш” УМҲ хабарида. “Улар ёш бўлишларига қарамай, салмоқли тажриба орттиришган. Сўнгги бир неча йил давомида турли соҳаларда ўз салоҳиятларини намоён этишга, илғор ғоя ва нуқтаи назарларини илгари суришга ҳам улгуришган”.
Таъкидлаб ўтиш керак, рейтингни шакллантиришда раҳбарларнинг маълумоти, билими, жамоатчилик орасида танилганлик, уларнинг ислоҳотлар жараёнида иштирок этиши ва таъсир даражаси инобатга олинган.