Skip to main content
Yangiliklar

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Ўзбекистон ўқ отиш федерациясида бўлишди

By 27.11.2020No Comments

Пойтахтимиздаги 23-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўқ отиш бўйича терма жамоа мураббийлари ва спортчилар ҳузурида бўлишди. Уларга ушбу спорт турининг аҳамияти, қуролдан тўғри ва профессионал тарзда фойдаланиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. Хавфсизлик техникаси қоидалари тушунтирилгач, ёш меҳмонлар тирда 10 ва 25 метр масофага ўқ отиш имкониятига эга бўлдилар.

Aмалий машғулотлардан сўнг кўзбойлоғичлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун махсус дастур тақдим этишди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси Ойбек Норинбоев меҳмонлар билан самимий мулоқот қилди.

“Барчангизга хуш келибсиз, дейман. Федерация томонидан шундай ажойиб тадбир ўтказиш имкониятини тақдим этгани учун ҳукуматимиздан миннатдорман. Спорт ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Бу орқали нафақат инсон саломатлиги яхшиланади, балки ҳар биримизда ахлоқий фазилатлар ҳам тарбияланади. Спорт ва соғлом турмуш тарзига қизиқишингизни кўриб, хурсанд бўлдик. Эҳтимол, ҳозир орангизда бўлажак Олимпия чемпионлари ўтиргандир. Биз спорт билан шуғулланишни истаган ҳар бир кишига ёрдам беришдан мамнунмиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг ва соғлом бўлинг!», – деди О.Норинбоев.

Хайрия кўринишида ўтган тадбир якунида ёшларни спорт билан кенгроқ шуғулланишга жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси томонидан 23-Меҳрибонлик уйига ўнта спорт велосипеди, футбол ва баскетбол тўплари, теннис ракеткалари, гимнастика арғамчилари, ҳалқалар ва бошқа анжомлар совға қилинди.