Skip to main content
Yangiliklar

Курашнинг эндиги қадами Олимпия ўйинлари

By 11.11.2020No Comments

Юртбошимиз Ўзбек курашини янада ривожлантириш бўйича Қарорга имзо чекди. Буни биз полвонлар кўтаринки руҳда кутиб олдик.

Мен Курашни уч даврга бўламан: кеча, бугун ва эртага.

Курашимиз уч минг йиллик ёшда бўлсада, алоҳида спорт сифатида 1989 йилдан бошлаб бақувват пойдеворни куйдик..

Ўзбекча атамалар: «Кураш», «Ёнбош», «Чала», «Ҳалол» каби сўзлар Кураш тилига айланиб дунёда барча мусобақаларда янграяпти. Жаҳонда Ўзбек тилимиз қаторида Кураш тилимиз ҳам пайдо бўлди. Бу эса ҳар қандай мана ман деган давлатларга насиб қилмайдиган ютуқдир. Бу бизнинг кечаги курашимизнинг дадил одими.

Бугунги Курашимиз 1998 йил Халқаро Кураш ассоциацияси ташкил топгандан бошланади. Бугун 130 дан ортиқ давлатда Кураш федерациялари ташкил этилди. Ўз давлатларида мунтазам Кураш бўйича мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Энг катта муваффақиятимиз Кураш бугун Осиё Олимпия оиласига расман кирди. Барча Осиё ўйинлари дастуридан Кураш спорти мустаҳкам ўрин олди.

Юртбошимиз Курашимизнинг эртанги кунини ўз қарорлари билан белгилаб берди. Яъни, эртанги Курашимиз Олимпия ўйинларига кириши керак. 2028 йилгача Кураш Олимпия ўйинлари Дастуридан ўрин олиши учун керак бўладиган барча ишлар Қарорда белгилаб берилган.

Энди биз полвонлар бор кучимизни ишга солиб Курашимизнинг эртанги куни – Олимпия ўйинларидан жой олиши учун бор кучимизни, ақл идрокимизни ишга солишимиз лозим.

Ушбу Қарор курашимизнинг яна бир поғона кўтарилишига катта йўл очиб бериши шубҳасиз.

Норқул Юсупов,

Полвонлар Миллий маркази раҳбари