Skip to main content
Yangiliklar

Интервью: Акмал Эргашев: «Энг катта орзуимни қўлдан чиқарганим мени ҳамон қийнайди

By 03.11.2020No Comments

– Таэквондо спорт турини танлашингизга ким сабабчи бўлган?
– Ҳар бир спортчининг у ёки бу турни танлашига кимдир сабабчи бўлади. Мени катта акам Ҳамдам Эргашев таэквондо билан шуғулланиб келган ва улар машғулотларга борганларида улар билан спорт залига бориб машғулотларини кузатиб ўтирар эдим ва кейинчалик менда ҳам бу турга қизиқиш пайдо бўлди.

– Нима учун айнан таэквондони танлагансиз?
– Бу турда оёқ зарбалари тез бажарилади ва мукаммал зарбалар кўп. Ташқаридан қарсангиз жуда енгил туйиладию, лекин таэквондони ҳам қийин жиҳатлари кўп. Менимча акамни мусобақалардаги чиқишларини кўриб танлаган бўлсам керак.

– Бугунги кунда мураббийсиз кўзга кўринган шогирдларингиздан кимларни эътироф эта оласиз?
– Катталар терма жамоасида фаолият олиб борганман шунингдек ёшлар терма жамоасида катта мураббий бўлганман. Албатта етакчи спортчилардан Дмитрий Шокин, Жасур Бойқўзиев, Никита Рафалович шунингдек қизлардан Нигора Турсунқулова, Динора Мамадибрагимова ёшларга келадиган бўсак Жасур Жайсунов, Улуғбек Рашидов, Азизжон Ўктамовлар жуда яхши натижаларни қўлга киритишган. Бу спортчилари жамоада мураббийлик қилиб юрганимда ёрқин натижаларга эришган ва уларни тилга олмасликни иложи йўқ.

– Таэквондодаги энг ёрқин ғалабангиз қайси?
– 2011 йил Кореяда ўтган Жаҳон чемпионатида кумуш медалини қўлга киритганман. Айнан мана шу ғалабам ёрқин хотирамда қолган.

– Энг аламли мағлубиятчи?
– Биласизми қалбимнинг тубида қолган армон. Ҳар доим эслаганда ачиниб, афсусланадиган мағлубиятим бу 2008 йил Пекинда ўтган олимпия ўйинларида бўлган. Айнан мана шу тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасидаги бронза медаль учун бўлган жангда рақибимга бор йўғи бир очко фарқи билан имкониятни бой бериб қўйганман. Энг катта орзуимни қўлдан чиқарганим мени ҳамон қийнайди… Сонияларда имконияни қўлдан бериш қанчалик мушкул эканлигини мен яхши биламан.

– Таэквондочи бўлиш осонми ёки мураббий?
– Буни ҳар бир спортчи билади. Албатта спортчи бўлиш осонроқ унинг тоши енгилроқ, масъулият юки енгил. Буни спортчи кейинчалик мураббийлик фаолиятини давом эттирганда яхши англаб етади. Мураббий қўл остида тарбиялаётган спортчиларнинг барчасига бирдек маъсул, атлетнинг юриш-туришидан тортиб, ҳаёт йўлини тўғри танлаши ҳам устозга боғлиқ.

??? Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати