Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик харажатлари тўлалигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Молия-иқтисод департаменти томонидан Олимпия спорт турлари бўйича федерациялар, ассоциацияларга 2019-2020 йилларда ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказаётган дастлабки мониторинг натижасида айрим камчиликлар аниқланди. Мазкур камчиликларнинг аксарияти давлат харидларини амалга ошириш йўналишларида кузатилган бўлиб, МОҚ раҳбарияти томонидан келажакда ушбу ҳолатнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Шу боис Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг молия-иқтисод, бухгалтерия йўналишларида иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бюджет маблағларини мақсадли ва тўғри сарфлаш ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига қатъий амал қилиш мақсадида онлайн ўқув-семинари ташкиллаштирилди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказ билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган бўлиб, дарслар Молия вазирлигининг Давлат харидлари департаментининг малакали ходимлари томонидан олиб борилмоқда. Мутахассислар семинар давомида давлат харидларини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, амал қилиш соҳаси, асосий тушунчалар, давлат харидларининг субъектлари ва жараёни мавзуларида батафсил маълумот бериб ўтишмоқда.
olympic.uz