Skip to main content
Yangiliklar

Эркин курашчиларимиз Токио Олимпиадасига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

By 27.11.2020No Comments

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти пойтахтимиздаги «Динамо» спорт мажмуасида ўқув-машғулотлари ўтказаётган эркин кураш бўйича терма жамоамиз аъзолари билан учрашди.

Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ҳамда МОҚ раиси Рустам Шоабдурахмонов бошчилигидаги мутасаддилар эркин курашчиларимизнинг тайёргарлик жараёнларини кўздан кечиришди.

Сир эмаски, эркин кураш бўйича миллий терма жамоамиз вакиллари жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида ўзларининг сермаҳсул ва юқори натижалари билан ажралиб туришган. Бироқ, ушбу йўналишда ҳозирча Токио-2020 учун йўлланма қўлга кирита олмадик. Олдимизда эса дастлаб Осиё, сўнг жаҳон миқёсида ўтадиган лицензион мусобақа турибди. Учрашув давомида курашчиларимизни мазкур мусобақаларга пухта тайёрлаб, тўлиқ таркибда лицензиялар олиш билан бирга Олимпиадада ҳам медалларни қўлга киритиш каби масалалар кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.

Мутасаддилар лицензион мусобақага тайёрланаётган ҳар бир вазн тоифасидаги спортчи билан бирма-бир суҳбатлашди, уларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганди. Меҳмонлар полвонларимиз билан гаплашар экан, ҳукуматимиз томонидан Олимпиадага тайёргарлик йўлида барча шароитлар яратиб берилиши, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув якунида Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари ва мураббийлар штаби билан олдинда турган режалар ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, терма жамоа жамоа шифокори Елена Абаева курашчиларимизнинг тиббий-фармакологик таъминоти ва уларнинг саломатлиги борасида ахборот берди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати