Skip to main content
Yangiliklar

«Дўстлик спартакиадаси» дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлади

By 28.11.2020No Comments

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан юртимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида ташкил этилган «Дўстлик спартакиадаси» ўз номига мос тарзда иштирокчилар орасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлади. Яъни, талабалик даврида битта олийгоҳда таҳсил олишган, тақдир тақозоси билан бугун оммавий ахборотнинг турли жабҳаларида фаолият олиб бораётган курсдошлар ёки дўстлар мусобақа баҳонасида яна бир-бирлари билан топишди, дийдорлашди.

Очиғини айтиш керак, ҳатто кечаги кун ҳам ташкилий қўмитага тақдим этилган талабномаларнинг сони анча кам ва бу бизни хавотирга солаётганди. Мўлжалимиз бўйича мусобақада 60-70 нафар атрофида иштирокчи қатнашса ҳам хурсанд бўлишга тайёр эдик.

Бироқ, сўнгги паллада мусобақада қатнашиш истагини билдирган ОАВ ходимлари сони қарийб 150 нафарга етди. Ҳатто эрталаб ёққан қор ҳам уларни «Дўстлик спартакиадаси»да қатнашишдан қайтара олмади.

Мусобақанинг очилиш маросими ҳам байрамона тарзда ташкил этилди. Унда сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов иштирокчиларга омад тиларкан, 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу йўналишдаги ишларни кенг ёритаётган ОАВ ходимлари ўзлари ҳам бу борада шахсий намуна бўлишаётганини алоҳида эътироф этди.

Дастлаб мусобақанинг стол тенниси йўналишида ғолиблар аниқланди. Унда эркаклар ўртасида 1-ўрин «Спорт» телерадиоканали ходими Санжар Муҳаммадханифовга насиб этди. Умуман, «Дўстлик спартакиадаси»да аксарият совринли ўринларни ушбу телеканал ходимлари қўлга киритди ҳамда бу билан улар бежизга шу соҳани ёритиб келмаётганини исботлашди. 2-ўринни «Спорт» телерадиоканали директори Зоҳиджон Каримов эгаллаган бўлса, кучли учликни яна бир таниқли спорт шарҳловчиси Мурод Ризаев қўлга киритди.

Аёллар ўртасида ҳам «Спорт» телерадиоканали вакиласига тенг келадиган рақиб топилмади. Малика Эрматова 1-ўринга лойиқ кўрилди. 2-ўринни эса «Зўр-ТВ» телеканали бошловчиси Лайло Рустамова эгаллади. 3-ўринга «Ўзбекистон-24» радиоканалидан Шахноза Дўстмуҳамедова сазовор бўлди.

Бадминтон мусобақаларида ғолиблик Ўзбекистон банклар ассоциациясининг матбуот котиби Жамолиддин Ходжахановга насиб этди. Кейинги ўринларни яна «Спорт»чилар – Зоҳид Каримов ва Абдуазиз Қурбонов эгаллади.

Аёллар орасида «Спорт» телеканали катта муҳаррири Шафоат Толибжонова ҳаммадан кучли эканини исботлади. 2-ўринни «Дунё бўйлаб» телеканали режиссёри Лайло Мухамедова эгаллаган бўлса, совриндорлар учлигини стол тенниси мусобақалари ғолибаси Малика Эрматова якунлаб берди.

Волейбол мусобақалари ҳам қизғин ва муросасиз кечди. Унда эркаклар ўртасида 6та, аёллар орасида эса 4та жамоа ғолиблик учун баҳсларга киришди. Аёллар ўртасида совринли ўринларни «Ёшлар» радиоканали, «Шарқ» нашриёти ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги жамоалари қўлга киритган бўлса, эркаклар ўртасида «Зўр-ТВ», «Спорт-ТВ» ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги жамоалари совриндорлар учлигини тўлдиришди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчига махсус спорт либослари тақдим этилди. Бундан кўзланган мақсад, ўша ходим соғлом турмуш тарзини ҳаётининг мазмунига айлантирсин ҳамда саломатлиги ҳақида янада кўпроқ қайғурсин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати