Skip to main content
Yangiliklar

Бадиий гимнастика: ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунланди

By 20.11.2020November 21st, 2020No Comments

Бадиий гимнастикани спорт турларининг маликаси дейишади.

Дарҳақиқат, нозик ҳаракатлар, нафис ва чиройли спорт чиқишлари, томошабинларда ўзига хос таассурот қолдиради.

17-20 ноябрь кунлари Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабига йиғилганлар ҳам бадиий гимнастиканинг нозик ва гўзал жиҳатларига гувоҳ бўлишди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йилги оммавий спорт тадбирлари календарь режасига мувофиқ спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича 2008-2010 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионатда Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан ташриф буюрган 280 нафар спортчи-қизлар ғолиблик учун баҳслашишди. Мусобақалар дастурига асосан иштирокчилар 5 та йўналиш бўйича (булава, тўп, лента, жамоавий ва яккалик) ўзларининг тайёрлаб келган чиқишлари билан иштирок этди.

Ўзбекистон чемпионати якунлари бўйича умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси 1-ўринни, Самарқанд вилояти 2-ўринни ва Бухоро вилояти жамоаси 3-ўринни қўлга киритишди.

Мусобақа ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан 1-, 2- ва 3-даражали диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати