Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов 71 ёшида оламдан ўтди.
Худойберганов Комилжон Собирович 1949 йил 27 апрель куни Хоразм вилоятида туғилган. Комилжон Собирович умрининг аксарият қисмини ўзбек спортининг ривожига бағишлади. Жумладан, Тошкент қишлоқ хўжалиги ирригацияси ва механизацияси муҳандислари институтида ўқиб юрган кезлари спортнинг волейбол, самбо ва кураш турлари бўйича институт терма жамоаси аъзоси, 1968 йил Москвада қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган самбо бўйича мусобақа ғолиби бўлган.
1984-1989 йилларда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг Жиззах ва Хоразм вилоятлари бошқармалари бошлиғи, 1989-1992 йилларда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг Ташкилий ишлар бошқармаси бошлиғи, “Спорт ҳамма учун” ассоциацияси раҳбари лавозимларида фаолият олиб борди. 2015 йилдан бери Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашига раҳбарлик қилиб келаётган эди.
Комилжон Худойберганов Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси сифатида ўзбек спорти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, мамлакат спортидаги ислоҳотларга кенг жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бу йил юзага келган пандемия даврида ҳам ўз вазифасини адо этиш учун мунтазам фахрийларимиз билан кўришиб, уларни зарур дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, моддий томонлама қўллаб-қувватлаб, кўпчиликнинг дуосини олган фидоий ва ватанпарвар инсонлардан эди.
У кишининг фаолияти давомида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг иши анча жонланди. Комилжон Собировичнинг ташаббуси билан улкан хаётий тажрибага эга фахрийларимиз мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи, Олимпизм ғояларини тарғиб қилувчи ва ёш-авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбияловчи тадбирларига кенг жалб қилинишди.
Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси Комилжон Худойбергановнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор қилади.