Skip to main content
Yangiliklar

УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ВА СПОРТ

By 05.10.2020No Comments

Сўнгги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқ ва марралар ҳам янги кўлам, миқёс касб эта бошлади. Натижада, юртимиз ҳақида гап кетганда, мамлакатимизнинг ўзида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам “Янги Ўзбекистон”деган ибора бот-бот тилга олина бошланди.

Бу бежиз эмас албатта. Чунки муҳтарам Президентимизнинг таъбирлари билан айтганда:«Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас».

Шу ўринда табиий савол туғилади: Учинчи Ренессанснинг спортга қандай алоқаси бор? Моҳиятан олиб қаралса, юртимизда, жамиятимизда содир бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, юксак марралар сари интилишлар жараёнидан спорт соҳаси ҳам четда эмас. 2017 – 2020 йилларда Президентимиз ва Республика ҳукуматининг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, маълум бир спорт турларини қўллаб-қувватлашга, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган ўнлаб Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 июндаги ПҚ-3031-сон Қарори, «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони, «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3610-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида» 2019 йил 29 январдаги 65-сон, «2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 13 февралдаги 118-сон қарорлари шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжатлар асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, барча ҳудудларда бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ёшлар орасидан мамлакатимиз шарафини олимпиада ва Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари каби нуфузли мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган ёшларни саралаб олиш ва уларни бўлғуси мусобақаларга тайёрлаб бориш, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчилар ва уларнинг мураббийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бугун ўз самарасини бера бошлади.

Ҳудудларда сендвич панелли блоклардан арзон, сифатли ва тез битадиган спорт иншоотларини қуриш, жаҳон андозаларига жавоб берадиган спорт анжомларини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўқлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган ҳамда бу йўналишларда дастлабки мақташга арзигулик натижалар ҳам бор.

Шу билан бирга, мамлакатимизда кенг оммалашмаган спорт турларини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда аралаш жанг санъатлари, хоккей, регби, бадминтон, гольф, тоғ-чанғи ва бошқа қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида федерациялар фаолиятини кучайтиришга урғу берилмоқда.

Энди яна мақоламиз аввалидаги саволга яна қайтамиз: Учинчи Ренессанснинг спортга қандай алоқаси бор?

Тарихий манбалардан қайд этилишча, халқимиз икки ренессансни бошидан кечирган. Уларда асосан буюк аллома боболаримиз Жаҳон илм-фани, хусусан дунёвий ва диний илмлар ривожига улкан ҳисса қўшишган. Хусусан, Биринчи Ренессанс тахминан Х-ХII асрларда илм-фанда инқилоб яратган буюк аждодларимиз – Фарғоний, Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Бухорий, Термизий, Мотрудий, Абул Муин Насафий яшаб ўтган даврларга тўғри келади. Иккинчи Ренессанс эса ХIV-XVI асрларда яшаб ўтган донишманд бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод фаолияти ва ижоди билан чамбарчас боғлик. Учинчи ренессансда эса энди мамлакатимиз олимларининг илм-фан, техника ва технологиялар соҳаларидаги кашфиёт ва ютуқлари сафига спортчиларимизнинг зафарлари ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Коронавирус пандемияси сабаб жорий йил Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилиши керак бўлган ёзги олимпия ўйинлари 2021 йилга кўчирилди. Бугунги кунда олимпия оиласига кирган спорт турлари вакиллари бўлган атлетларимиз лицензиялар сонини кўпайтириш мақсадида бирин-кетин бошланаётган мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Мақсад – олий. Юртимиз номини янада юксакларга кўтариш, Токио ареналарида кўп бора Ўзбекистон байроғи баланд ҳилпираб, мадҳиямиз янграшига эришиш. Токиодаги ғалабалар Учинчи Ренессанс даврига қўйилган пойдеворга спортчиларнинг ҳиссаси бўлади. Бундай ҳиссалар эса янада кўпайиб, салмоғи ошиб бораверишига ишончимиз комил.