Ўзида витамин, минераллар, айниқса, темир, йод, магний, фосфор, руҳни сақлаган бу жонзот гўштини кўп ва хўб енг, сабаби балиқ одамни семиртирмай, организмга керакли қувватни бера олади. Балиқни болаларга ҳафтада 2 марта тайёрлаб берсангиз, рахит, кариес, соч тўкилиши, буқоқ дардларидан асрайсиз. Шўрвага солиб, буви-буваларнинг олдига қўйсангиз, дуо олишингиз аниқ: балиқ юракни созлаб, қон босимини меъёрда ушлайди, қарабсизки, кексаларнинг хотираси панд бермайди, кайфияти чоғ юради.
Балиқни турмуш ўртоғингизга “тоблама” шаклида ялтироқ қоғозга ўраб, газ печида пишириб беришдан эринманг.
Қалбида хушнудлик пайдо бўлади, соғлиғи тикланади. Нега дейсизми, ахир унда эркаклар саломатлиги учун ниҳоятда зарур омега оқсиллари мужассам.
Ўзингиз ҳам онда-сонда эмас, ҳар ҳафта балиқ есангиз, юқоридаги хизмат, катталарга кўрсатган ҳимматингиз учун умрингиз узоқ бўлади.
ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАГАН МАЪҚУЛ?
Одатда, дарё балиғини қовуриб истеъмол қиламиз. Аммо бунда юрак ва томирларга қанча зарар боришини биласизми? Бу кўринишда балиқ нафсни сийлагани қолади. Организмга фойда бериши учун бугундан бошлаб балиқни зираворлар қўшиб қайнатма шўрвага солиб, ёки газ печида пишириб, котлет тайёрлаб ейишга ўрганинг. Аммо қовурма балиққа кўнгил кетаверса, зайтун мойида енгил қовуриб, димлаб қўйган маъқул, витамин-минераллари сақланиб, танга дармон бўлади.
КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС?
Аллергик хасталиклар, қонда кальций даражаси юқори бўлган одамларга, буйраги тез-тез оғрийдиган беморларга, ўпка силида балиқ унчалик тавсия этилмайди.
ҚАЙ БИРИ ЭНГ ФОЙДАЛИ?
Бизда асосан дарё балиғи истеъмолда бўлгани учун – зоғорабалиқ (сазан), илонбалиқ, лаққабалиқ, олабуға, чўртанбалиқ, бакра, палтус, товонбалиқ гўштини ейиш тавсия этилади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари, инсультдан кейинги давр, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, суяк синишлари, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, жинсий заифликда, буқоқ, тери касалликлари (айниқса тери қуруқлашиб, пўст ташлаганда), подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти пасайганда бу жонзотнинг гўшти кони фойдадир. Денгиз балиғини эса консерва ёки маринадланган, тузланган ёки дудланган кўринишдаги истеъмоли организмга унча фойда қилмаслигини уқтирмоқчимиз.
«Tabobat Sirlari» гуруҳидан.