Skip to main content
Yangiliklar

САЛОМАТЛИК: Грипп ёки коронавирусга чалинганликни қандай фарқлаш мумкин?

By 09.10.2020No Comments

Грипп ёки коронавирусга чалинганликни қандай фарқлаш мумкин? Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова маълум қилди.

Икки касаллик ҳам тумов, кўз ёшланиши, бурун оқиши, акса уриш, тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечади.

Шундай бўлсада, коронавирус ва гриппни бир-биридан ажратувчи бир неча белгилар мавжуд:

Касалликнинг инкубацион (яширин даври) гриппда 5-7 кун, коронавирусда 2-14 кун. Касалликни енгил кечишида гриппда – умумий белгилар кўпинча тумовдан бошланади ва 1-3 кунгача давом этади, тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлиши бир марта кузатилади, 3-кундан бошлаб бемор аҳволи яхшиланишни бошлайди.
Коронавирусда умумий белгилар аксарият ҳолатларда ҳид ва таъм билиш бузилишидан бошланиб, тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилади ва сўнгра 37-37,5 даражада бўлиб туради. Даволаш тўғри олиб борилса, бемор аҳволи касалликни 5-7 кунларида яхшилана боради.
Касаллик оғир кечувида асоратлар қўшилади: йўтал биринчи 3-4 кунда қуруқ, сўнг балғамли бўлади.
Коронавирусда эса 8 кундан бошлаб тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади, умумий ҳолсизлик кучаяди, қуруқ йўтал зўраяди, нафас етишмовчилиги, яъни ҳансираш ҳам зўрайишни бошлайди. Йўтал балғамсиз ва касалликни кечувига боғлиқ ҳолда 2-3 ҳафтадан 1,5 ойгача кузатилиши мумкин.
Гриппнинг енгил кечувида бошқа органларнинг зарарланиши, асаб тизими жароҳатланиши кузатилмайди, лекин оғир кечувчи шаклларида қатор аъзоларда асоратлар кузатилиши мумкин.
Коронавирус касаллигида эса инсон организмининг бир неча аъзолари (нафас аъзолари, ошқозон ичак тизими аъзолари, юрак қон-томир тизими аъзолари, буйрак тизими, эндокрин безлар тизими, марказий ва периферик асаб тизими жароҳатланади, қоннинг ивиш хусусиятлари бузилади. Шунинг учун ҳам коронавирусда организмнинг тўқима ва ҳужайраларининг кислород билан таъминотига юқори эҳтиёж сезилади.
Коронавирус касаллигини ташхислаш ва даволаш жараёни бу касалликда, айниқса, асаб тизими ва руҳиятни зарарланишини кўрсатмоқда, инсонларда кайфият тушиб кетиб тушкунлик ҳолати, ваҳима пайдо бўлмоқда, бундай ўзгаришлар эса грипп касаллигига хос эмас.
Реабилитация жараёни бўйича енгил шаклдаги гриппда тикланиш даври 7-10 кун бўлиб, асоратланган ҳолатларда 1 ойгача бўлиши мумкин, бироқ коронавирус касаллигининг оғир ва ўта оғир кечувида ўпкалар интерстицияси, алвеолаларининг фиброз тўқима билан қопланиши ойлар давом этиши ёки маълум қисми умуман тикланмаслиги ҳам мумкин.