Кутилмаганда белда, қоринда қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши, пешобнинг оз-оздан, тез-тез баъзида эса, оғриқ билан келиши — буларнинг бари буйракда тош ҳосил бўлишининг асосий белгиларидан ҳисобланади. Ушбу ҳасталикнинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш усуллари ҳақида 1-сонли Республика клиник шифохонаси урологи Умарбек Қосимов маълумот бериб ўтди.
— Буйракда тош пайдо бўлишининг асосий сабаблари нималардан иборат?
— Кўпчилик буйракда тош пайдо бўлишига фақатгина организмда модда алмашинувининг бузилиши, тузли овқатларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, деб ўйлайди. Аслида ушбу касалликка чалинишнинг бошқа бир қатор омиллари ҳам мавжуд. Етарли миқдорда суюқлик қабул қилмаслик, сийдик йўлларидаги инфекциялар, пешоб ҳажми камайиши ёки таркибида тош ҳосил қилувчи моддалар кўпайишидан ҳам буйракда тош йиғилиши мумкин.
Шунингдек, қандли диабет ва гипертония билан оғриган беморларда ҳам ушбу ҳасталик кўп кузатилади. Тошлар аввалига кичик ҳажмда бўлиб, соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган инсонларда пешоб ажралиши орқали чиқиб кетади. Акс ҳолда кристаллар ўсишни бошлайди ва бир-бири билан бирлашиб, тошга айланади.
Бу ҳасталикнинг хавфли томони шундаки, буйракда ҳосил бўлган тошлар йиллар давомида ҳеч қандай белгиларсиз катталашиши мумкин. Чўкиндилар соғлом буйракка эмас, унинг шамоллашдан яллиғланган қисмига ёпишади.
Иситма, оғриқли хуружлар билан кечадиган турли ўткир касалликлардан фарқли, сурункали буйрак ҳасталиклари одамни кўп ҳам безовта қилмайди, шунинг учун кўпчилик беморлар ўткинчи оғриқ деб ушбу ҳасталикни эътиборсиз қолдиришади. Тошлар катталашиб, кутилмаганда белда, қоринда қаттиқ оғриқ бериб қолганидан кейингина шифокорга мурожат қилишади. Бу эса, даволаниш жараёнининг оғир ва узоқ вақт давом этишига олиб келади.
— Буйракда тош бўлса, илк белгилари қандай кечади?
— Сийдикнинг оз-оздан, тез-тез баъзида эса, оғриқ билан келиши кузатилади. Пешоб ранги қизғиш, хиралашган тусга кириши мумкин. Тош пешоб ажралиб чиқиш йўлини тўсиб қўйса, беморда буйрак санчиғи пайдо бўлади. Бу қориннинг деярли ярмини қамраб олган ўта кучли оғриқ кўринишида намоён бўлади. Айни пайтда беморнинг ҳарорати ошиши, қон босими кўтарилиши, муздек тер чиқиши, совқотиб қалтираши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, айрим холларда кайт килиши хам мумкин. Буйрак оғриғи аксар ҳолларда оғир жисмоний зўриқиш ёки узлуксиз спиртли ичимлик ичишдан кейин ҳам юзага чиқиши мумкин.
— Тошлар фақат жарроҳлик амалиёти билан олиб ташланадими?
— Айни пайтда буйракдаги тошдан жарроҳлик амалиётисиз ҳам қутулиш мумкин. Бунинг бир қанча замонавий усуллари бор.
Тошлар эндоурологик йўл билан майдаланиб ёки дорилар ёрдамида эритиб туширилади. Катта тошларда асосан анъанавий жарроҳлик муолажаси қўлланилади. Даволаш усули касаллик даражаси ҳамда беморнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб танланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими