Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Шоҳрух Мирзо (1377-1447)

By 10.10.2020No Comments

Хуросон Шоҳрух Мирзо даврида сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланди, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, работлар, сардобалар, қишлоқ ва қўрғонлар қурилиб, мазкур қурилишлар вақф мулклари билан таъминланди. Шоҳрух Мирзонинг мўътадил ички ва ташқи сиёсати Хуросонда тинчликнинг барқарор бўлишига олиб келди. Бу даврда тижорат, ҳунармандчилик, деҳқончилик юқори даражага кўтарила бошлади. Айниқса, ҳунармандчилик, тўқимачилик, меъморчилик, ўймакорлик, хаттотлик, муқовасозлик ҳамда қоғоз ишлаб чиқаришга катта эътибор берилди. Шунингдек, металлни қайта ишлаш, қурилиш асбоб-ускуналарини тайёрлаш, кулолчилик санъати ўсди. Булардан ташқари заргарлик, каштадўзлик, кандакорлик, шоҳи ва бошқа хил матолар тўқиб чиқаришга эътибор кучайди. Жумладан маҳаллий ва хориждан олиб келинган хомашёлардан банорас, атлас каби матолар ишлаб чиқарила бошланди. Шу касбнинг моҳир усталари етишиб чиқди. XIV—XV асрларда Хуросонда кулолчилик санъати сопол буюмлар билан бир қаторда сув иншоотларида, улкан бинолар қурилишида ишлатиладиган сопол қувурлар, хилма-хил шакл ва ранглар билан жилоланган сопол кошинлар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди.
Шоҳрух Мирзо мамлакат истиқболини кўзлаб Хитой ва Ҳиндистон ҳукмдорлари билан дипломатик муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилди. Мазкур мамлакат элчилари Самарқанд ва Ҳиротда, ўз навбатида Ғиёсиддин Наққош раҳбарлигида Хитойда, Абдураззоқ Самарқандий бошчилигидаги элчилар Ҳиндистонда бўлдилар. Шоҳрух Мирзо Ҳирот шаҳар қалъасининг жануб томонида (1410— 1411) мадраса ва хонақоҳ бино қилдирди. Бу пайтда пойтахт Ҳирот ва умуман Хуросонда маданий ва маиший қурилишлар кенг қулоч ёзади.
Ҳиротда бир неча шифохоналар мавжуд бўлиб, буларнинг қаторида яна иккита «Дорушшифо» қурилади. Бу шифохоналарнинг биттаси Шоҳрухнинг учинчи хотини Мулкат оғо (Мулк оғо) тарафидан, иккинчиси эса Шоҳрухнинг набираси Алоуддавла (1417—1460) томонидан қурдирилган эди. Мулкат оғо ҳам Гавҳаршод бегим каби Ҳиротда «Дорулҳадис» номли хонақоҳ, иккита ҳаммом, Ҳиротдан 8 фарсах нарида, Амударёга борадиган йўл устида битта работ, Балх шаҳрида бир мадраса қурдирди.
Шоҳрух даврида Ҳиротда қурилган энг катта ёдгорликлардан бири малика Гавҳаршод бегим тарафидан қурдирилган улкан мадраса ва мазкур мадраса ёнида қад кўтарган хонақоҳдир. Бу бинолар 1417 йилда бошланиб, 1437 йилда қуриб битказилган. Мазкур мадраса ва хонақоҳ ҳозирги кунгача етиб келган бўлиб, хонақоҳга унинг айрим ўғиллари, Гавҳаршод бегим ва бошқа Темурий шаҳзодалар ва маликалар дафн этилган. Шоҳрух Мирзо саройида хизмат қилувчи амалдорлар, беклар, саркардалар ўз номларини абадийлаштириш мақсадида бир қатор маданий ва маиший бинолар қурдиришган. Чунончи, Ҳиротнинг Хиёбон мавзеида Қурбон Шайх, Ферузшоҳ, Чақмоқ Шоҳ, Алайҳ Кўкаддош мадрасалари қад ростлаган эди. Бу мадрасаларда диний билимлар билан бир қаторда тилшунослик, адабиёт, тарих, жуғрофия, ҳандаса, риёзиёт, фалакиёт каби илмлар ўқитиларди. Булардан ташқари, фалсафа, мантиқ ва мусиқа илми ҳам анча ривожланган эди.
Ҳирот қадим замонлардан турли-туман диний ва илмий китобларга бой шаҳарлардан ҳисобланган. Шоҳрух Мирзонинг ўзи ҳам китобга ўч киши бўлиб, ўзининг бой шахсий қутубхонаси, ўғли Бойсунғур Мирзонинг ҳам ажойиб кутубхонаси бўлган. Бу кутубхоналар қимматли асарларга бойлиги ва хилма-хиллиги билан шуҳрат қозонган.
т.ф.н. Т. Файзиев