Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Мирзо Улуғбек (1394-1449) 4-бўлим

By 15.10.2020No Comments

Улуғбек илмий меросининг энг асосийси, маълум ва машҳури унинг «Зиж»и бўлиб, бу асар «Зижи Улуғбек», «Зижи жадиди Гурагоний» деб ҳам аталади. «Зиж»дан ташқари унинг қаламига мансуб математик асари «Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола», астрономияга оид «Рисолайи Улуғбек» (ягона нусхаси Ҳиндистонда, Алигарҳ университети кутубхонасида сақланади) ва тарихга доир «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») асаридир.

Улуғбек «Зиж»и ўз таркибига кўра VIII—IX асрларда бошланган астрономик анъанани давом эттирса ҳам илмий даражаси уларга нисбатан беқиёс баланддир. Бу асар икки қисмдан: кенг муқаддима ва 1018 собита юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниклаб берилган жадваллардан иборат бўлиб, муқаддиманинг ўзи мустақил тўрт қисмни ташкил қилади. Муқаддиманинг бошида Қуръондан юлдузлар ва сайёраларга тааллуқли оятлар келтирилади. Улуғбек бу билан астрономик кузатишларнинг зарурлигини ғоявий асосламоқчи бўлади. Муқаддиманинг кейинги қисмида Улуғбек ушбу сўзларни битган: «Сўнг, парвардигор бандаларининг фақиру ҳақири, улардан Аллоҳга энг интилувчиси Улуғбек ибни Шоҳрух ибни Темур Кўрагон бундай дейди…» Бу сўзлардан кўринадики, «Зиж»нинг муаллифи Улуғбекнинг ўзи бўлган. Бироқ бу ишда унга ёрдам берганларни Улуғбек қуйидаги сўзлар билан одилона тақдирлайди: «Ишнинг бошланиши олимлар алломаси, камолот ваҳикмат байроғини ўрнатган, таҳлил ва таҳқиқ маслакида бўлган Қозизода Румий деб шуҳрат қозонмиш жаноби ҳазрат Мавлоно Салоҳ ал-милла вад-дин Мусонинг, унга раҳмат ва ғафронлар бўлсун, ва ҳазрат Мавлонои Аъзам, оламдаги ҳукамоларнинг ифтихори, қадимга билимларда мукаммал, масалалар мушкилотларини ҳал этувчи Мавлоно Ғиёс ал-мил-ла вад-дин Жамшид, Аллоҳ таоло унинг қабрини салқин қилсун, иккисининг қўллаши ва ёрдамида бўлди…

Аҳвол бошида ҳазрат Мавлоно марҳум Ғиёсиддин Жамшид: «Ажибу доъи Аллоҳ» чақириғини эшитиб, тоат билан ижобат этди ва бу жаҳон дорулғурурдан у жаҳон дорулсурурга рихлат этди. Иш асносида, ҳали бу муҳим асар бажарилиб тугатилмасидан, ҳазрат устоз Қозизода, Аллоҳ таоло уни раҳмат қилсин, парвардигор раҳматига пайваста бўлди.

Бироқ фарзанди аржуманд Али ибни Муҳаммад Қушчи болалик йилларидан фанлар соҳасида илғорлаб боради ва унинг тармоқлари билан машғул. Умид ва ишонч комилки, унинг шуҳрати иншооллоҳ, яқин замон ва тез онларда жаҳон атрофлари ва мамлакатларга тарқалади. Ва бу муҳим китоб тамомила ёзилиб бўлди. Юлдузларнинг сифатларидан кузатилган барча нарсалар имтиҳон қилиниб, бу китобга киритилиб собит этилди».

Бу келтирилган катта парчадан кўринадики, Қозизода Улуғбекнинг устози бўлган ва «Зиж»нинг анча қисми унинг иштирокида ёзилган. Бундан яна шу нарса кўринадики, Улуғбек Самарқанддаги яна бир йирик олим Жамшид Кошийни устоз демайди, балки унинг ёши Румийдан катта бўлгани учун Мавлонойи Аъзам дейиш билан чекланади. Ҳақиқатан ҳам, у киши Самарқандга 1416 йили, яъни Улуғбек 22 яшар навқирон йигит ва олим сифатида танилганда келади ва у расадхонадаги кузатишлар бошланиши биланоқ вафот этади. Бироқ фан тарихидан шу нарса маълумки, Коший «Зиж»нинг назарий қиемини араб тилига таржима этган ва ҳозир бу таржиманинг нусхалари мавжуд. Демак, бундан кўринадики, Улуғбек аввал «Зиж»нинг назарий қисмини ёзган, сўнг жадвал қисми узоқ кузатишлар натижасида тузилган. Коший эса назарий қисм ёзилиши билан уни арабчага ағдарган ва жадваллар устида ишлар бошланишида вафот этган. т.ф.д. А. Аҳмедов