Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Мирзо Улуғбек (1394-1449) 3-бўлим

By 14.10.2020No Comments

1420 йили Самарқанд мадрасасининг тантанали очилиши бўлади. Зайниддин Восифий «Бадоиъ ул-вақоиъ» китобида айтишича, биринчи мударрис этиб мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Хавафий тайинланади. Мадрасада асосий маърузаларни Қозизода, Улуғбек, Коший ва кейинроқ Апи Қушчи ўқийдилар.
Улуғбек барпо этган Самарқанд мадрасаси ва илмий тўгараги Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бу ерда кўплаб буюк сиймолар шаклланди. Жумладан, Хуросоннинг Жом шаҳрида 1414 йили туғилган бўлажак улкан шоир Жомий Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрди. Бу ерда у Қозизода, Улуғбек ва Али Қушчи каби улкан олимларнинг маърузаларини эшитди ва уларнинг тарбиясида бўлди.
Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия фани эди. Исломдаги энг аввалги астрономик асарлар «Зиж» деб аталиб, улар асосан жадваллардан иборат бўлган. Улуғбекдан аввал ёзилган энг мукаммал «зиж»лар Берунийнинг «Қонуни Масъудий»си ва Насриддин Тусийнинг 1256 йили ёзиб, Хулашхонга тақдим этган «Зижи Элхоний» асари эди. XV аср бошларида ёзилиб, Шоҳрухга аталган Жамшид Кошийнинг «Зижи Хоқоний» асари асосан хитой ва мўғул анъаналарига асосланган бўлиб, ислом мамлакатлари учун деярли аҳамиятта эга эмас ва илмий жиҳатдан ҳам анча сайёз эди. Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта «зиж» ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: «Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ари-ғининг бўйида расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади».
Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргалиқдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.
Давлат ишлари билан боғлиқ бўлган юриш-кўчишлар, расадхонадаги кузатишлар ва мадрасадаги дарслар, ундан ташқари илмий ишларга умумий раҳбарлик қилиш хам Улуғбекнинг кўп вақтини оларди. Шунинг учун бўлса керак, бевосита Улуғбекнинг қаламига мансублиги маълум бўлган илмий асарлар сони жиҳатдан кўп эмас — улар тўртта.