Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Мирзо Улуғбек (1394-1449) 2-бўлим

By 13.10.2020No Comments

У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (мелодий 1415 йил 15—20 сентябр) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашни айтадилар. Шунга кўра отда кетаётиб, хаёлий ҳисоб билан Қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топтилар. Кейин отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан (Кошийдан — А А) сўраб, аниқлаб олдилар.

Ҳақиқатан ҳам, хаёлий ҳисобда кўп миқдорларни ёдда тутмоқ ва бошқа миқдорларни буларга асосланиб топмоқ керак. Лекин инсоннинг ёдлаш қуввати заифдир ва у даража дақиқаларини у қадар аниқ тополмайди. Инсон бино бўлганидан бери шу кунгача ҳали ҳеч кимса бу қадар аниқ ҳисоблай олмаган эди.

Қисқа қилиб айтмоқчиманки, у киши бу фан соҳасида ғоят катта маҳоратга эришганлар, юлдузшуносликка тааллуқли амалларни яхши бажарадилар ва чуқур далиллар билан худди керагидек исботлайдилар. «Тазкира» ва «Туҳфа»дан шу қадар зўр дарс ўтадиларки, уларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг ҳожати қолмайди».

Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усуддаги билим юрти — мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта мадраса барпо этади.

Самарқанддаги мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда ниҳоясига етказилади. Тез орада Улуғбек мадрасага мударрис ва олимларни тўплай бошлайди ва шу тариқа унинг Самарқанддаги астрономик мактаби шаклланади. Бу мактабнинг асосий мударрислари илмий ишларига қулай шароит ва паноҳ излаб Темур давридаёқ Самарқандга келган Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби олимлар эди. Қозизоданинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони, 1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Лекин астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Коший энг салобатли ва нуфузли эдилар.

 

т.ф.д. А. Аҳмедов