Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Амир Темур (1336-1405) 4-бўлим

By 05.10.2020No Comments

«Темур тузуклари»ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр этган француз олими Лянглэ Темур ҳақида шундай ёзади: «Темур хон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қоддирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-тарож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ — биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга халақит бериб келди».

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат давлат арбоблари, саркардалар, темурзодаларни, балки саййидлар, шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган ва ўзининг ҳар бир юриш олдидан бундай кенгашларни ўтказиб туришни одат тусига киритган.

Амир Темурнинг ободончилик ишлари тўғрисида таниқли шарқшунос олим, академик В.В.Бартольд: «Темур гўё Самарқанддан бошқа ҳамма ерда вайронгарчилик билан шуғулланган, деган фикр муболағали: у Кобул водийси ва Муған чўли каби Самарқанддан узоқ бўлган жойларда улкан суғориш ишлари олиб борди», — деган тарихий жиҳатдан ғоят қимматли фикрни айтиб ўтган. Бу фикрга муқояса қилиб, Али Яздийнинг ёзишмасини келтириш мақсадга мувофиқдир. «Бир йил мобайнида, — деб ёзади ўрта аср тарихчиси Али Яздий, — Бағдод шаҳрини тиклаш ҳақида буйруқ берилди, токи шаҳар яна ўз қиёфасини олсин, унда ҳунармандчилик ривожлансин, теварак-атрофида деҳқончилик ўссин, савдо-сотиқ ва маданий ҳаёт кенг тармоқ ёйсин, ислом билими илгаригидай ёйилсин. Бу вазифа амирзода Абу Бакирга топширилди».

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мовароуннаҳрда мўғулларнинг қарийб 140 йиллик ҳукмронлик даврида биронта ҳам кўзга кўринарли қурилиш ёки сув иншоотлари вужудга келмаган. Амир Темурнинг ташаббуси билан 1365 йилда Қарши, 1370 йилда Самарқанд, 1380 йилда эса Кешнинг атрофи қайтадан мудофаа деворлари билан ўралган. Шунингдек, халқ фаровонлигию, мамлакат ободончилиги йўлида сув омборлари, тўғонлар қуришга, ариқлар қазишга, янги ерларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор берилган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволини кўтаришда савдонинг аҳамияти беқиёс эканлигини тушунган ҳукмдор бозорлар, расталар ва тимлар, турли-туман устахоналар барпо этиб, халқ ҳунармандчилик санъатини тараққий эттирган.

Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, «Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди».

Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунши, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Соҳибқироннинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: «Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч биддирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди».