Достон мазмуни шоир тасаввуридаги шундай бир бадиий оламни акс эттирадики, унинг асосий қаҳрамонлари 4 тимсолдан ташкил топган. Биринчиси, Адолат — у бош ҳукмдор, унинг номи Кунтуғди, у қуёшдек барчага баробар нур таратади. Иккинчиси, Давлат — туркийда Қут, у бош вазир, унинг исми Ойтўлди. Қут ёки Давлат ички мазмуний тушунча бўлиб, Бойлик, Барака, Омад, Бахт, Қудрат маъноларини ўзида жамлаган, ҳукмдорнинг таянчи, унинг белига қувват, кўзига нур, мулкига фаровонлик бахш этувчи бош маслаҳатчи ва нозир. Аммо Ойтўлдининг умри фоний, Давлат, Бахт, Омад деган нарсалар пойдор эмас, осмондаги Ой сингари гоҳ тўлиб балқийди, гоҳ Ҳилол сингари нозиклашиб, қувватдан кетади, орада кўринмай қолиши ҳам мумкин. Ойтўлди асар давомида хасталаниб вафот этади. Аммо унинг вориси, ўғли Ўгдулмиш унинг ўринбосари, ҳукмдорнинг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолади. Ўгдулмиш Ақл ва Билим рамзи. Агар Бойлик, Омад, Бахт ўткинчи бўлса, киши қўлида доимий турмаса, Ақл ва Билим уларнинг ўрнини боса олади. Асли асарнинг бош қаҳрамони Ўгдулмиш, яъни Ақл ва Билимдир. Шу сабабли китобнинг асл номи ҳам «Қутадғу билиг» («Бахтга элтувчи билим»). Бахт, қут-барака, омад, қудрат манбаи бўлмиш билим билан боғлиқдир. Асардаги тўртинчи тимсол — Қаноат. Агар инсонда, жамиятда қаноат бўлмаса, унинг барча хосияти бир пул, оқибати аянчлидир. Қаноатнинг исми Ўзғурмиш бўлиб, у Ойтўлдининг, яъни Бахт ва Давлатнинг, Ўгдулмишнинг, яъни Ақл ва билимнинг қариндошидир. Аммо Ойтўлди қариндошини эсламайди. Бахт ва Омад Қаноатни хотирга келтирмайди. Ҳукмдорга (Элиг деб атайди Юсуф ҳукмдорни) Ўзғурмиш қариндоши ҳақида Ўгдулмиш эслатади, яъни Адолат Ақл ёрдамида Каноатдан хабар топади ва унинг суҳбатини истайди. Асар охирида Ўзғурмиш ҳам хасталаниб вафот этади. Қунтуғди ва Ўгдулмиш, яъни Адолат ва унинг бош маслаҳатчиси Ақл қоладилар.
Булар ислом маънавиятининг бош тимсоллари эди. «Қутадғу билиг»нинг айрича аҳамияти ана шунда. Аммо асар мавҳум тимсоллар ва рамзлардан иборат эмас. Асар қаҳрамонлари жонли шахслар — Элиг — Кунтуғди — адолатли, инсофли ҳукмдор, Ойтўлди — донишманд, тадбирли, таржибали аллома, мураккаб характерли шахс, юрт, жамиятга фойдаси тегишини ўйлаб пойтахтга келади ва мусофирпарвар Кўсалиш ёрдамида Элигнинг Хос Ҳожиби Эрсиг билан танишиб, у туфайли Кунтуғди саройига кириб боради. Элиг билан танишади. Элиг ва Ойтўлди орасида кўп суҳбатлар бўлиб ўтади. Улар бир-бирининг ботиний қиёфаси, феъл-атворларини яхши ўрганиб, аста-секин умумий тил топишади, орада баъзи гинахонликлар ҳам бўлиб ўтади. Ойтўлдининг хасталиги ва ўлими, унга Элиг ва Ўгдулмишнинг қайғуриши, ҳамдардлиги жуда табиий, ҳаётий кечинмаларда тасвирланади. Ўгдулмиш Ақл тимсоли бўлгани билан, у аввал ўзини ёш йигитларга хос тутади, Элиг унга қанча панд-насиҳатлар беради, тарбиялайди. Кейинги Ўзғурмиш билан бўлган суҳбатлар таъсирида ҳамЎгдулмишнинг онги ўзгариб, ривожланиб боради. У маълум вақт Ўзғурмиш таъсирида тавба-тазарруга берилиб, моддий дунё ташвишларидан ўзини олиб қочмоқчи бўлади, аммо Ўзғурмиш ва Кунтўлдилар яна уни бу ниятдан қайтарадилар, эл-юрт ташвиши билан яшашга ундайдилар. Шоир Ақл ва Билимни эл-юрт, халқ фаровонлиги йўлида хизмат эттириш энг асосий бурч деб ҳисоблайди. Ақл аввало Адолатга ҳимоячи ва маслаҳатгўй бўлмоғи талаб этилади. Ўзғурмиш шахси таркидунё этган, зоҳидлик ва тақвони яшаш тарзига айлантирган сўфийларни эслатади. Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф ғоялари, амалиётидан чуқур хабардор эканлигини ушбу қаҳрамони тавсифида аён этган. Тасаввуф, тақво, зоҳидлик ва фақир шоир наздида аввало Қаноатнинг тимсоли, ёрқин намоёндасидир. Қаноат Оқибатни ўйлаш билан бўлади, у инсонга Офият (руҳий осойишталик, қониқиш) келтиради. Адолат Қаноатсиз бўлмайди. Ҳукмдор сўфийнинг, зоҳиднинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб туриши керак. Сўфий ҳукмдорни қидириб келмайди, ҳукмдор уни ўзи қидириши, суҳбатига интиқ бўлиши керак. Кунтуғди, Ўгдулмишни Ўзғурмишга мактуб билан уч марта жўнатади. Шоир фикрича, агар ҳукмдор эътибор кўрсатса ва майл билдирса, сўфий ҳам суҳбатдан бош тортмаслиги керак.
Албатта, зоҳид Ўзғурмиш сарой аёнига айланмайди, у маълум вақт Элиг билан фикр алмашиб, яна ўз кулбасига қайтиб кетади, ҳаёт тарзини ўзгартирмайди.
Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф ғояларига, ҳақиқий тақво эгаларига юксак эҳтиром билан қарайди, аммо жамият, халқ бахти учун, Адолат тантанаси учун ўз умрини бағишлаш унинг бош йўналиши бўлиб қолади. Унинг суюкли қаҳрамони Ўгдулмиш — Ақл ва Билим эгаси, умрини Адолат хизматига бағишланган шахсдир.