Иккинчи сатрдага китобни жамлаб, тугал қилгани ҳақидаги маълумот, унинг баъзи қисмлари олдинроқ алоҳида асар сифатида ёзиб, машқ қилинган бўлиши мумкинлигидан дарак беради. Маснавий жанрида ёзилган асар таркибида вазн ва қофиялаш усулига кўра ундан фарқ қилувчи икки алоҳида қасида ва 200 дан ошиқ тўртлик мавжуд бўлиши ҳам беҳуда эмас. Биз бу асарнинг таркибий қурилишидан келиб чиқиб, уни шоир бир неча марта таҳрирдан ўтказган бўлиши керак деб, ўйлаймиз. Олимлар ҳам бу ҳақда хилма-хил тахминлар қилиб келишади. Ҳозир бизнинг қўлимизга етиб келгани охирги таҳрир ва хоқонга тақдим этилган нусхадир. Бу нусха таркиби қуйидагича:
Уч босқич Муқаддима:
Насрий муқадимма (38 сатр);
Шеърий муқадимма (77 байт);
Муқадиммавий боблар (II боб, 390 байт).
Иккинчи ва учинчи босқич орасида боб сарлавҳалари рўйхати (фиҳристи абвоб) берилган.
Асосий қисм — достон мавзуи 68 бобда ривожланади. Ундаги сарлавҳалар ҳисобига, агар иштирок этувчиларнинг савол-жавобларини ҳам киритсак — 174 сарлавҳа остида берилган. Умумий ҳажми — 5896 байт. Хотима қисми — 2 қасида ва маснавий бобдан иборат бўлиб, охирги маснавий боб мазмунигина маълум даражада достонга алоқадордир. Муқаддиманинг фақат учинчи босқичи (II бобдан иборат) бевосита достон таркибига уйғунлашган. Олдинги икки босқич эса қайта тахрирда китоб ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилиш учун атайин наср ва назмда илова қилингандир. Шу сабабли улар боблар номланиши рўйхатидан ҳам илгари берилган.
Асосий қисм охирида (6261—6286-байтлар) шоир китобнинг ёзилиш йили, нима мақсадда ёзилгани, ўқувчига мурожаат, Аллоҳга муножот, Пайғамбар ва чоҳорёрларга саломлар билан асарни хотималайди ва алоҳида хотима қисмга ҳожат қолдирмайди. Аммо бундан сўнг яна 2 қасида (Йигитликка ачиниб, қариликдан шикоят қилиш — 44 байт ва замон бузуқлиги, дўстлар жафосидан ёзғириш — 40 байт) қўшилиб, яна 1 маснавий бобда муаллиф ўзига ўзи насиҳат қилади (37 байт), асарнинг туркча ёзилганлиги, тугалланиш санаси, яна муножот ва саломлар қайтарилади. Шулардан билинадики, хотима қисмига ҳам 2 қасида қўшилиб, қайта таҳрир қилинган пайтда ёзилган. Асосий қисм мазмуни ва мундарижасига кўра «Қутадғу билиг» достони минтақа адабиётининг биринчи босқичида яратилган туркий тилдаги ислом маънавиятининг бадиий фалсафий, ижтимоий ахлоқий қомуси деб баралла таърифласак арзийди. Унингдек улуғ яхлит китоб ал-Бухорийнинг «Жомеъ ас-саҳиҳ»идан кейин араб ва форс тилларида ҳам яратилмаган эди. VIII—IX асрларда Абдулҳамид ал-Котиб, Ибн ал-Муқаффа (720—756), Адиб Аҳмад Югнакий, ал-Жоҳиз (775—868) каби йирик адиблар томонидан асос солинган адаб илми, Абу Наср ал-Форобийнинг ижтимоий-ахлоқий фалсафаси, «Шоҳнома» ва турк хоқонларининг ёдномалари, минтақа халқларининг бой манъавий мероси бу асар мағзига сингдирилган. Энг асосийси, бу китоб ислом минтақа маънавиятининг қомуси бўлди. Фирдавсий «Шоҳнома»си минтақа халқларининг ўтмиш тарихини бадиий акс эттирса, Юсуф Хос Ҳожиб асари унинг янги даврдаги ҳолатини бадиий тафаккур қонуниятлари асосида мужассам этди. Муаллиф ўз асарини «Шоҳномайи туркий» деб шуҳрат топганини айтади, бу қиёс шу маънода тўғрики, ўтмишда минтақа эроний ҳукмдорлар — Каёний ва Сосонийлар ҳукмида бўлган эса, Юсуф даврида Сосонийлар мулки туркий ҳукмдорлар қўлига ўтган эди. Баласоғундан Бағдодгача туркий сулолалар ҳукм сурар эдилар. Шу сабабли энди сулолалар тарихи эмас, давлат бошқариш одоби муҳим эди. Асарнинг яна бошқа шуҳрат топган номлари «Адаб ул-Мулук» («Ҳукмдорлар одоби») ва «Ойин-ул-мамлакат» («Мамлакатни идора этиш қоидалари») худди шу жиҳатни акс эттирар эди.