Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Носир Хисрав (1004-1088)4-бўлим

By 04.09.2020No Comments

Илғор мутафаккир илм ўрганишгагина эмас, уни тарғиб, ташвиқ қилишга, илм толибларига, уни қидирувчиларга етказиш ке-раклигига алоҳида эътибор беради:
Ўзингни илм бирла безатгил,
Фақат кимхоб кийган эмасдир гўзал.
У илмни жон ичидаги гавҳар деб атайди:
Ақл билган ҳама гавҳарлар аро,
Илмдан яхши кимё йўқдир асло.
Носир Хисравнинг фикрича, киши дилига таскин бергувчи, уни бу дунёда шоду хуррам қилгувчи ҳам илм:
Агар хуррамлик истарсен, сўроқла илм ила ҳикмат,
Ўшанда илму донишдин олурсан мевайи ҳожат.
Унинг «илм» тушунчаси фақат диний илмлар билан чегараланиб қолмай, балки бутун дунёвий билимларни ўз ичига олади. Унинг фикрича: «Кишилар орасида ақллилари ақлий лаззатга интилади. Шундагина у умумий лаззатга эришади. Бу лаззат манбаи тоғлиқ оламдир… Фақат одам илм ўрганишдан лаззат топади, бу ҳис ҳайвонларда йўқ, илмнинг ҳар бир поғонаси яна юқорироқ поғонага олиб келади, демак, билимнинг чегараси йўқ», — деб ёзади Носир Хисрав «Зод ул-мусофирин» («Сафар қилувчилар йўл анжоми») деган китобида[1].
Носир Хисрав маънавий бисотида ижтимоий ҳаёт, давлат тузилиши, амалдору ҳокимлар фаолияти, уларнинг фуқароларга муносабати ҳақида ҳам қимматли фикру мулоҳазалар кўзга ташланади. Ўтмишда фаолият кўрсатган талай файласуф ва мутафаккирлар сингари у ҳам маърифатли, адолатпарвар шоҳу ҳокимлар тарафдори эди. Табиатан адолат ва инсоф тарафдори бўлган донишманд шоир «Саодатнома» маснавийсида меҳнат аҳлини, хусусан деҳқонларни самимий муҳаббат билан шарафлайди. Улар мадҳида оташин мисралар яратади.
Мутафаккир шоир деҳқон касбига, унинг бунёдкорона меҳнатига юксак баҳо беради. Зероки, улар туфайли олам обод. Уларнинг машаққатли меҳнати шарофати ила халқ ризқу рўзи ҳамиша муҳайёдур. Носир Хисрав нигоҳида улар жаннатдан жой олишга сазовордирлар. Чунки улар ҳаётнинг сақловчилари ва яратувчилари ҳисобланади:
Жаҳоннинг шодлигин боиси деҳқон,
Унинг бирла экинзор, боғу бўстон.
Бу ишдин яхши, оламда не бордур,
Одам наслига бу иш ёдгордур…
Жафокаш, паҳлавон меҳнат чекодур,
Тўкиб тер, барчанинг ризқин экодур.
Деҳқонлардан кейинги ўринда касб-ҳунар эгалари туради. Улуғ шоир бу тоифа аҳлини хушбахт одамлар ҳисоблайди. Ҳунар, касб эгаси ҳам худди деҳқон сингари яратувчи-сониълар сирасига мансубдир. Халқ эҳтиёжи улар санъати, ижодий меҳнати-ла таъминланади:
Косибдан шоду ҳуррам йўқ жаҳонда,
Ҳунардин яхши дур ҳам йўқ жаҳонда…
Арзир унинг бўлса боши осмонда,
Улсиз яшай олмас шоҳ ҳам жаҳонда[2].
Шоир орзусича, фозил ҳукмдор фуқаро-раиятни доимо ўз муҳофазасига олади. Мамлакатни адлу инсофла бошқаради. Ҳар қандай тадбирни вазирлар муҳокамасига, «кенкош» — машварат мажлисида кўриб, маъқуллангандан кейингина фармон сифатида эълон қилади. Ҳукмдорларнинг бундай адолатли бошқаруви туфайли мамлакат обод, унинг халқи эса фаровон яшайди, бир-бирига меҳрибонлик билан муносабатда бўлади. Юртда ҳашар уюштириш воситасида боғ-роғлар яратади. Жамоа аҳли шароб истеъмол қилмайди. Бундай давлатда виждон эркинлиги барқарор ҳукм суради. Диний фарзлар ихтиёрий бажарилади. Юрт фуқаролари ислом динига эътиқодли ва Муҳаммад Мустафонинг пайғамбарлигига иқрордурлар. Айтилганлар билан бир қаторда, донишманд шоир «Мулук ва умаро мазаммати тўғрисида», «Ёмон нафс ва риёкорлар ҳақида» сарлавҳали шеърларида ноинсоф, адолатсиз, мағрурланган, раият, илм-фан, меҳнат аҳлига ёмон муомала-муносабат қилувчи, порахўр, бемаърифат, жоҳил, зулму жабрдан ҳузур қилувчи ҳоким ва амалдорлар фаолиятини қаттиқ қоралайди. Шоир таъбирича, бундай инсонлардан ит шарафлироқдир. Ўша жоҳиллар ўз жисмоний кайфу роҳатлари учун қашшоқ камбағалларни хонавайрон қилишдан уялмайдилар. Бундай муфтхўр ва хасис мулозимлар қарғишга учрагани учун ҳам уларнинг мол-бойликлари баракасиз.
фалс. ф.д. М. Болтаев