Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Маҳмуд Кошғарий (1029-1102) 4-бўлим

By 18.09.2020No Comments

Маҳмуд Кошғарий асарида дунё харитаси доира шаклида чизиб кўрсатилган. Унинг марказида Марказий Осиё жойлашган. Баласоғун, Шош, Ўзган, Исфижоб, Марғинон каби шаҳарлар ушбу ҳудудга алоқадор кўрсатилган. XI аср жуғрофий тасаввурларидан дарак берувчи хаританинг илова килиниши Кошғарийнинг қомусий аллома эканини яна бир марта исбот этади.

Хулоса қилиб айтганда, Маҳмуд Кошғарийнинг исломдан илгариги ва илк ислом даври туркий маданият обидаларини тадқиқ этиш, тўплаш ва авлодларга етказиб беришдаги хизматлари ниҳоятда ул-кандир. Унинг тарих, этнография, тарих-жўғрофия хусусидаги кенг билим доираси, тил ва адабиёт соҳасидаги қомусий салоҳияти, тадқиқ қудрати бугунги кунда ҳам ҳайратланарли даражада эди. Унинг китобида жамланган аниқ-равшан маълумотлар VIII—XI асрлар ҳам туркий адабий тил ва бадиий адабиётнинг, ҳам оғзаки халқ ижоди ва турли лаҳжаларнинг бой манбаи бўлгани сабабли имкон доирасида батафсил тавсиф этилди.

«Девону луғатит турк»ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. Бу асар устида тадқиқотлар олиб борган Фитрат, С. Муталлибов, И. В. Стеблева, В. В. Решетов, Ғ. Абдураҳмонов, А. Рустамов каби олимлар Маҳмуд Кошғарийни қадимги туркий тилларни ўрганишга буюк ҳисса қўшган ўз даврининг ўта билимдон олими эканлигини таъкидлайдилар. «Девону луғатит турк» 3 томда ўзбек тилида нашр этилган. Ҳозирги замон жаҳон илмий жамоатчилиги XI аср буюк олими Маҳмуд Кошғарийни қиёсий тилшуносликнинг асосчиси, деб тан олади.

фил. ф.д. М. Имомназаров