Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Амир Темур (1336-1405) 3-бўлим

By 30.09.2020No Comments

Темур тарихчилар тасвирича, ўрта асрнинг атоқли давлат ва ҳарбий арбобларидан бўлиб, Оврўпо олимлари ўз асарларида унинг салбий томонлари билан бирга муҳим фазилатларини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Немис олими Ф.Шлоссер ўзининг «Жаҳон тарихи» (III том) асарида: «Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади», — деб ёзса, атоқли немис олими ва тарихшуноси М.Вебер: «Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди», — деб таърифлайди. Шунингдек, «Тузуки Тимур» — «Темур тузуклари»да ҳам Темурнинг жамиятга, ижтимоий-сиёсий ҳаётга қараши, бирлашган қудратли феодал давлатнинг сиёсий ва ахлоқий қоидалари ҳақида гап боради.

«Темур тузуклари»да давлат тизими, давлатдаги турли лавозимларнинг вазифаси, ундаги турли тоифалар ва уларга муносабат, давлатни бошқаришга асос бўлган қоидалар, қўшинларнинг тузилиши, тартиби, уни бошқариш, таъминлаш, рағбатлантириш, қўшин турларининг тутган ўрни ва ўзаро муносабати каби масалалар баён этилади. Давлат ишларини ҳар доим ислом ва шариат ҳукмлари асосида олиб борилганлиги бир неча бор таъкидланади. «Салтанатим мартабасини, — деб таъкидлайди Амир Темур, — қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди». Бундан ташқари, асарда жамият ишларидаги одамларнинг 12 тоифага бўлиниши, салтанатни бошқаришда 12 қоидага амал қилинганлиги, салтанат 4 қатъий қоидага асосланиши каби масалалар ҳам тартиб билан баён этилган («Темур тузуклари»га каралсин. — М.Х.).

Шаҳарлар ва шаҳар атрофи аҳолисидан на жон солиғи ва на бож олинарди. Бирорта ҳам аскарнинг доимий туриш учун шахсий кишилар уйини эгаллашга ёки фуқароларнинг молини ва бойлигини ўзлаштириб олишга ҳаққи йўқ эди. «Барча ишларда, — деган эди Амир Темур, — бу ишлар қайси ўлка халқига тааллуқли бўлмасин, ҳокимларнинг адолат томонида қаттиқ туришларига буйруқ берилган. Қашшоқликни тугатиш мақсадида бошпаналар ташкил қилдимки, камбағаллар улардан нафақа олиб турардилар». Бундан ташқари, Темурнинг солиқлар ҳақидаги қоидаси жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Темур ёзади: «Солиқлар йиғишда халқни оғир аҳволга солишдан ёки ўлкани кашшоқликка тушириб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур. Негаки, халқни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади, хазинанинг беқувватлиги ҳарбий кучларнинг тарқоқланишига, бу эса, ўз навбатида ҳокимиятнинг кучсизланишига сабаб бўлади…»

Амир Темур ҳарбий салоҳиятда жаҳонга машҳур саркарда ва ўз замонасининг энг қудратли ҳукмдори бўлиши билан бирга, унинг ҳарбий назарияси ва амалий ҳарбий санъати, тактика ва стратегияси, армия таркибининг тузилиши ўз даврининг нодир мўъжизаси эди. Унинг ҳарбий маҳорати турли йўналишларда — аскарий қисмларни қайта ташкил этишда, душманга ҳужум қилишда турли-туман усуллардан фойдаланишда, ҳужумдан олдин душман жойлашган ерларни ўбдон ўрганиб чиқишда, ҳам лашкарбоши — қўмондонлиқда намоён бўлди.
Адабиётларда Темур ҳақида бир-бирига зид фикрлар мавжуд бўлиб келди, лекин уларнинг кўпларида Темур фаолиятига ўз даври нуқтаи назаридан эмас, балки муаллифлар яшаган давр нуқтаи назари асосида баҳо берилган.