Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл — майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халкаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди.
Амир Темурнинг ҳар бир ҳарбий юришига туртки бўларлик сабаб бор эди. Бу сабаблар — ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, аддамчиларни жазолаш, бўйсунмаганларни итоат эттириш, ўзининг сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборат бўлганлигини тарихий манбалардан билиб олиш мумкин. Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришини олсак, Темур Тўхтамишхонга кўп илтифотлар, ёрдамлар кўрсатиб, 1379 йилда Ўрусхонни енгиб, Оқ Ўрда тахтига Тўхтамишхонни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди.
У Мовароунаҳрга бир неча бор талончилик ниятида бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши курашиш мажбурияти вужудга келди ва 1395 йил 15 апрелда Қундузчада Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмай, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал қилди.
Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий Оврўпо халқларини мўғуллар асоратидан халос бўлишларига йўл очиб берди. Йирик рус олими А. Ю. Якубовский: «Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган бу ғалабаси нафақат Марказий Осиё ва Шарқий Оврўпо, балки Русия учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлди», — деб ёзди.
Темур давлатни бошқаришга катта эътибор бериб, янги давлат тизими бўйича Девони бузругдан ташқари, ҳар бир вилоятда Девон деб аталувчи бошқарма тузиб, бу бошқармалар солиқ йиғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар — бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғариш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланган. Ҳар бир Девонда кирим ва чиқимларни ҳисобга олиш, қайд этиш турк-ўзбек ва форс-тожик тилларида олиб борилган.