1999 йилнинг 24 сентябрида Лондоннинг Бейкер-стритида Шерлок Холмсга ҳайкал қўйилди. Шерлок Холмс истеъдодли инглиз ёзувчиси Артур Конон Дойл томонидан ўйлаб топилган адабий қаҳрамон ҳисобланади. Унинг машҳур лондонлик изқувар Шерлок Холмс саргузаштларига бағишланган асарлари детектив жанрининг классик намуналаридан бири ҳисобланади. Бутун дунё бўйича унинг мухлислари пайдо бўлди. Ушбу изқувар Гиннес рекордлари китоби бўйича жаҳонда энг машҳур киноқаҳрамон ҳисобланади. Ўтган асрда одамлар Шерлок Холмс ва доктор Ватсонни ҳаётда мавжуд шахслар деб ўйлаб, ҳатто уларга хатлар ёзишган. Лондонда 1990 йилнинг мартида Бейкер-стрит, 221-б—буюк изқувар ва детектив билан боғлиқ манзилда Шерлок Холмснинг уй-музейи очилди. Британия ҳукумати 1815 йилда қурилган мазкур уйни архитектура ва тарихий ёдгорлик сифатида ўз муҳофазасига олди. Дунёда Холмс номи билан боғлиқ жуда кўп ёдгорлик белгилари мавжуд. Пиккадиллидаги “Критерион” тамаддихонасини хотира мемориал тахталари безаб турибди, у ерда биринчи марта доктор Ватсон Холмс ҳақида билиб олган; авлиё Бартоломью шифохонасининг кимёвий лабораториясида уларнинг илк учрашуви юз берган; Ватсон сирли равишда яраланган Рейхенбах шаршараси (Швейцария) ва Майванда (Афғонистон) атрофидаги жойлар. Шерлок Холмсга қўйилган ҳайкаллар ҳам анчагина. Унинг илк ҳайкали 1988 йилда Мейренгенда (Швейцария) пайдо бўлди, кейингиси Каруидзавада (Япония) очилди. 1991 йилда Пикарди-плейснинг Эдинбургида (шу ерда Конан Дойл туғилган) Холмсга бронза ҳайкал ўрнатилди. 1999 йилнинг 24 сентябрида ўрнатилган ҳайкал эса Бейкер-стритдаги метро бекатида очилган. Лондоннинг ёмғирли ҳавосида узун плаш ва кичик қаншарли шляпа кийган Холмс ўнг қўлида трубка ушлаб, узоққа тикилган ҳолда хаёл суриб турибди. Мазкур учметрлик бронза ҳайкалнинг муаллифи таниқли инглиз ҳайкалтароши Жон Даблдей ҳисобланади. 2007 йилнинг апрелида Москванинг Смоленск соҳили яқинида жойлашган Буюк Британия элчихонаси ёнида буюк изқуварга яна бир ҳайкал қўйилди. Бу ҳайкалтарош Андрей Орлов асари бўлиб унда Шерлок Холмс билан доктор Ватсон ёнма-ён тасвирланган. Ҳайкалда актёрлар Василий Ливанов ва Виталий Соломин қиёфасини дарров таниб олиш мумкин. Маълумки ушбу актёрлар Конан Дойл қаҳрамонларини қиёмига етказиб маҳорат билан ижро этишган.